Ўзбекистон | 09:04 / 07.01.2020
4778
3 дақиқада ўқилади

Инновацион кардиохирургия ва биотиббиёт изланишлар маркази биноси қурилади 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Инновацион кардиохирургия ва биотиббиёт изланишлар маркази биноси қурилади.

Муҳокама учун эълон қилинган президент қарори лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг РИКИАТМ Инновацион кардиохирургия ва биотиббиёт изланишлар маркази биносини қуриш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Мазкур объект қурилиши ва жиҳозланиши бўйича қуйидагилар:

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Тиббиёт қурилиш инжиниринг компания” ДУК – буюртмачи;

“Ташгипрогор” АЖ – лойиҳачи;

“O’zpromholodmontaj” МЧЖ – бош пудратчи этиб тайинланади.

2022 йил 1 январга қадар, мазкур объект қурилиши билан боғлиқ буюртмачи, пудрат ташкилотлари томонидан белгиланган тартибда шакллантирилган рўйхат асосида импорт қилиб олиб кириладиган қурилиш материаллари, тиббий техника ва жиҳозлар, шунингдек Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган бутловчи қисмлар, истисно тариқасида қўшилган қиймат солиғи ва божхона тўловлари (божхона йиғимлари бундан мустасно)дан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси мазкур объект қурилиши билан боғлиқ буюртмачи, бош пудратчи ва пудрат ташкилотлари томонидан белгиланган тартибда шакллантирилган рўйхат асосида импорт қилиб олиб кириладиган қурилиш материаллари, тиббий техника, жиҳозлар ва бутловчи қисмлар мақсадли ишлатилиши устидан назоратни таъминлайди.

Белгиланишича, қарор ижроси билан боғлиқ буюртмачи, бош пудратчи ва пудрат ташкилотлари томонидан белгиланган тартибда шакллантирилган рўйхат асосида импорт қилиб олиб кириладиган қурилиш материаллари, тиббий техника, жиҳозлар ва бутловчи қисмлар мақсадли ишлатилмаган ҳолларда, мазкур қарор билан тақдим этилган божхона тўловлари ва солиқлар бўйича имтиёзлар қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига молиявий санкцияларни қўллаган ҳолда қайтариб олинади.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги пудрат ташкилотлар томонидан олиб бориладиган қурилиш-монтаж ишлари лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ олиб борилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид