Бугун, 19 октябрь сешанба оқшомида кўҳна қитъада Чемпионлар лигаси дастлабки тўртта гуруҳида 3-тур доирасидаги учрашувлар ўтказилади. Саккизта стадионда ўтадиган тўқнашувлар орасида Мадрид, Милан, Париждаги қарама-қаршиликлар марказий мақомга эга. Қуйида ЕЧЛ сешанба кунги ўйинлари тахминий таркиби ва анонси билан танишинг.
«А» гуруҳи: «Брюгге» «Сити»дан ҳам очко олиш илинжида, «ПСЖ» Неймарсиз ўйнайди
3-турга старт берувчи учрашувда «А» гуруҳида 2-ўринни эгаллаб турган «Брюгге» ўз майдонида «Манчестер Сити»ни қабул қилади. Пеп Гвардиола жамоаси сўнгги турда Париждаги мағлубиятдан кейин Бельгияга фақат ғалаба илинжида бориши аниқ. Аммо 7 ўйиндан буён мағлубият нималигини билмай келаётган Филипп Клеман шогирдлари бунгача «ПСЖ»дан очко тортиб олиш билан бирга сафарда «Лейпциг»ни мағлуб этишга эришган. Шундай экан, АПЛнинг амалдаги чемпионига Бельгияда осон бўлмайди.
Гуруҳдаги иккинчи ўйинда эса пешқадам «ПСЖ» гуруҳ аутсайдери бўлиб турган «Лейпциг»ни мағлуб этишга уринади. Ушбу баҳсда парижликлар етакчиларидан бири Неймар жамоасига ёрдам бера олмаса-да, Месси сафга қайтади.
«B» гуруҳи: «Милан» Португалияда меҳмон, Симеоне Клоппга қарши
«B» гуруҳида турнинг марказий тўқнашуви кузатилади. Мадриднинг «Атлетико» клуби ўз майдонида «Ливерпуль»ни қабул қилади. Симеоне ва Клопп жамоалари ўртасидаги баҳс шиддатли кўриниш олиши аниқ. Сўнгги икки баҳсда испан клуби инглиз жамоасидан устун келган. Айниқса, «Энфилд»да ўтган сўнгги баҳс кўпчиликнинг ёдида – 2020 йилда ЕЧЛ 1/8 финали доирасида 120 дақиқа давом этган учрашувда Мадрид клуби Моратанинг 120+1-дақиқадаги голи эвазига сафардан 3:2 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган эди. Ҳозирда ажойиб спорт формасида бўлган Клопп шогирдлари бу сафар Мадридда реванш илинжида бўлишади.
Фото: Getty Images
Иккинчи ўйинда эса ўтган турнинг аламзада жамоалари тўқнаш келади. «Порту» «Ливерпуль»дан учралган йирик ҳисобли мағлубият тасодиф эканлигини исботлашга уринса, «Милан» икки ўйиндаги икки мағлубиятдан кейин турнирдаги илк очколари учун кураш олиб боради. Пиоли шогирдлари А Сериядаги муваффақиятли юришни Чемпионлар лигасида айнан «Порту» билан ўйиндан бошлашлари мумкин. Навбатдаги мағлубият жамоанинг гуруҳдан чиқиш масаласини янада оғирлаштиради.
Ушбу гуруҳдаги дастлабки икки турдан кейин фаворитлар номи маълум бўлди ва бу жамоалар ушбу турда ўзаро тўқнаш келишади. «Аякс» ва «Боруссия»га қарши баҳсда гуруҳ пешқадамлиги учун кураш кечади. Икки жамоа ҳам 6 очкога эга. «Аякс» ҳимоячилари Амстердамдаги баҳсда Эрлинг Ҳоландни тўхтатиш йўлини топишса, муваффақиятга эришишлари мумкин.
Гуруҳдаги яна бир баҳсда ҳалигача очкога эга бўлмаган «Бешиктош» ва «Спортинг» ўзаро тўқнаш келади. Туркиядаги ўйиндан сўнг гуруҳдаги яққол аутсайдер номи ойдинлашиши мумкин.
Ушбу гуруҳдаги икки ўйин ҳам мухлислар диққат марказида бўлади. Чемпионлар лигасида кашфиёт жамоага айланган «Шериф» Мадриддаги сенсацион ғалабадан кейин Италиядаги ўйинга гуруҳ пешқадами сифатида ташриф буюради. Ушбу баҳсда ўзбекистонлик ҳужумчи Жасур Яхшибоев жароҳати сабабли Молдова клубига ёрдам бера олмайди. Кўрамиз, «Шериф» Яхшибоевсиз ҳам, турнирда ҳали ғалаба нашидасини сурмаган «Интер»ни мағлуб этиб, сенсацион юришини давом эттира олармикан?
Фото: Instagram/@fc_sheriff
ЕЧЛда ғалаба нималигини билмай келаётган яна бир клуб «Шахтёр» эса ўтган турнинг аламзада клуби «Реал»ни қабул қилади. Киевдаги учрашувда Мадрид клуби фақат уч очко умидида келиши аниқ. Анчелотти шу куни Азар ва Бэйл хизматидан фойдалана олмаса-да, бу мадридликлар учун катта йўқотиш эмас.
Эътиборлиси, роппа-роса бир йил аввал – 20 октябрь куни «Шахтёр» ЕЧЛ гуруҳ босқичида «Реал»ни Мадридда 3:2 ҳисобида сенсацион тарзда мағлуб этганди. Де Дзерби шогирдлари бу сафар энди Украинада ушбу натижани такрорлашга уринишлари аниқ.