Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларга ҳокимлар раис деб белгилангани юзасидан изоҳ берди.

Бурҳоновга кўра, ҳудудий кенгашлар ўз ҳудудида коррупцияга қарши курашишни мувофиқлаштирувчи, соҳага оид давлат дастурлари амалга оширилишини таъминловчи ва қилинган ишлар ҳақида Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашига ҳисобот бериб борувчи тузилма ҳисобланади.

“Бу кенгаш коррупцияга қарши курашувчи орган эмас. Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунда коррупцияга қарши курашувчи органлар сифатида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Аксилкоррупция  агентлиги белгиланган. Кенгашлар эса коллегиал орган ҳисобланади.

Президент фармони асосида қайта ташкил этилган Миллий кенгашга бош прокурор эмас, Сенат раиси раҳбарлик қиладиган бўлди. Ўз навбатида, мантиқий равишда ҳудудий кенгашларга ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, балки Халқ депутатлар маҳаллий кенгашлари раислари (ҳокимлар)нинг раҳбарлик қилиши мақсадга мувофиқлиги белгиланди”, – деди Акмал Бурҳонов 19 октябр куни бўлиб ўтган “Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги: Ўзбекистон тажрибаси ва хориж амалиёти” мавзусидаги давра суҳбатида.

Агентлик директори, ҳудудий кенгаш раиси ҳал қилувчи овозга эга бўлиши ва ўзи ҳоким бўлатуриб қандай назорат қилиши ҳақида ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрларга жавобан, кенгаш таркибида жамоатчилик вакиллари ҳам борлигини билдирди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов

“Миллий кенгаш томонидан ҳудудий кенгашларнинг намунавий таркиби тасдиқланиб, ҳудудларга юборилган. Мана шу намунавий таркибга қарайдиган бўлсак, аъзоларнинг 44 фоизи – нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари. 12 фоизигина ижро ҳокимиятининг аъзолари. Қолганлари – ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари. Яъни бу ерда бир-бирини тийиб туриш принципи бор.

Ўзи аслида бу тузилмаларни ташкил қилишдан мақсад – коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда самарали фаолият юритиш ҳисобланади.