Прокуратурага қонун бузилиши ҳолатлари бўйича хабар келиб тушмади — Ниғматилла Йўлдошев
Соат 15:00га қадар прокуратура органларига сайлов жараёнида қонун бузилиши ҳолати рўй бергани ҳақида хабар ва мурожаат келиб тушмаган. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот марказидаги брифингда Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев хабар берди.
Бош прокурор агар сайлов қонунчилиги бузилгани ҳақида хабар ва мурожаатлар келиб тушса ёки оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бирор маълумотлар эълон қилинса, улар ўша заҳоти Бош прокуратура ҳузурида ташкил этилган штаб томонидан алоҳида назоратга олинишини таъкидлади.
У сайлов қонунчилигининг бузилиши маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида эслатиб ўтди. Фуқаролар сайлов қонунчилигини бузиш ҳолатларига гувоҳ бўлса ҳудудий прокуратура органларига ёки Бош прокуратуранинг 1007 ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкин.
«Прокуратура органлари сайлов жараёнида қонун устуворлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратмоқда ва бунинг учун барча саъй-ҳаракатларни рўёбга чиқармоқда.
Ўз навбатида, буни ҳам истисно этмаслигимиз керак – қонун бузилиши ҳолатлари ҳақидаги ҳамма маълумот ҳам бизгача етиб келмаслиги мумкин. Сизлар бевосита жойларда сайлов участкалари ва округларида вазиятни ўрганиб, сайловчилар, сайлов комиссиялари вакиллари билан мулоқотдасиз. Агарда, Сизларда қонун бузилиши тўғрисида бирон бир маълумот мавжуд бўлса, уни Бош прокуратурага тақдим этсангиз, уни зудлик билан ўрганиб, тегишли баҳо берилишини таъминлаш чораларини кўрамиз. Биз бундай ҳамкорликка тайёрмиз», дея унинг сўзларини келтиради МСК матбуот хизмати.
Соат 16:00 ҳолатига кўра сайловда давомат 64 фоиздан ошди.
Овоз бериш жараёни бошланганидан етти соат ўтган вақтда сайлов участкаларида рўйхатга олинган 19 859 127 сайловчидан 12 748 549 нафари ўз танловини амалга ошириб бўлган.
Сайлов Тошкент вақти билан соат 20:00га қадар давом этади.
Мавзуга оид
19:01 / 11.11.2024
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
18:41 / 16.08.2024
Ниғматилла Йўлдошев Кураш федерацияси раислигига қайта сайланди
18:42 / 19.07.2024
Қирғизистон ва Ўзбекистон маҳкумларни топшириш бўйича шартнома имзолади
13:36 / 21.06.2024