27 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Тадбир олдидан президентлик сайлови ғолиби Ўзбекистонда бўлиб ўтган муҳим сиёсий жараён натижаларига тўхталди ва халққа миннатдорлик билдирди.

«Ассалому алайкум, ҳурматли йиғилиш қатнашчилари! Бугун сизлар билан мамлакатимизда бўлиб ўтган ғоят муҳим сиёсий воқеа – президент сайлови жараёнларидан сўнг, биринчи йиғилишимизни ўтказмоқдамиз. Ҳаммамизга аён бўлди, ҳудудларда ўтказилган учрашувларда халқимиз ўз фикрларини, таклифларини билдиришди. Жойлардаги раҳбарлар ҳам ечимини кутаётган муаммолар борлигига яна бир марта амин бўлишди.

Халқимиз сайловда уюшқоқлик билан иштирок этиб, ўзининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётганини, тинч ва фаровон ҳаёт барпо этишга бўлган эзгу ва олийжаноб интилишини яна бир бор яққол намоён этди.

Сайлов натижалари тинч-фаровон ҳаётимизга, эртанги кунга ишонч бўлганлиги, кенг кўламли ислоҳотларимизга берилган олий баҳо, деб ҳисоблайман. Мен ўзим учун кўп хулосалар қилдим, режалар тузиб олдим. Энди кечагидек ишлашга умуман ҳаққимиз йўқ. Чунки биз жуда катта-катта ваъдалар бердик.

Ушбу сайловда эл-юртимиз томонидан билдирилган юксак ишончни биз беш йил олдин бошлаган, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимизга берилган энг олий баҳо, деб биламан.

Фурсатдан фойдаланиб, менинг Ўзбекистон Республикаси президенти этиб сайланишимга ўз ишончини билдирган ва самимий қўллаб-қувватлаган азиз юртдошларимга, кўп миллатли бутун халқимизга, хусусан, алоҳида Қорақалпоғистон аҳлига яна бир бор ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман.

Мамлакатимизда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик ва тотувлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳити бизнинг энг катта бойлигимиздир. Мана шундай бебаҳо бойликни кўз қорачиғидек асраб-авайлашни мен президент сифатида ўзимнинг устувор вазифам, деб ҳисоблайман.

Ушбу сайловларни миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўла мос ҳолда, юқори савияда, очиқ-ошкора, демократик, соғлом рақобат ва кураш муҳитида ўтказишга катта ҳисса қўшган барча мутасадди ва фаолларга миннатдорчилик билдираман.

Хусусан, Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари, сайлов участкаларининг раҳбар ва аъзоларига, Миллий гвардия, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларига, алоҳида барча ташкилот ва идоралар ходимларига самимий ташаккуримни изҳор этаман. Тайёргарлик, тартиб бўйича уларга бирорта савол туғилмади.