09:29 / 29.10.2021
3326

Ургутда тез ёрдам ва туғуруқхона мажмуаларига кириш йўли четини тўсиб олган фуқаролар устидан судга мурожаат қилингани маълум қилинди

Фото: Kun.uz

Жорий йил 6 октябрь куни Kun.uz’да «Йўл – машинаники, йўл чети – «эгалик», пиёда қаердан юрсин? Ўзбекистоннинг эгасиз йўллари ҳақида» сарлавҳаси билан танқидий мақола эълон қилинди. Мақолада Ургут туманида туман тиббиёт бирлашмасига кириш йўли чети фуқаролар томонидан эгаллаб олингани ва ҳолатга мутасаддилар эътибор бермаётгани танқид қилинганди. Мазкур мақола юзасидан Ургут туман ҳокимлиги муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, Ургут тумани Навбоғ маҳалласи ҳудудида жойлашган Ургут туман Тиббиёт бирлашмасига кириш йўли ҳамда йўл четида жойлашган қурилмалар тегишли мутахассислар томонидан жойида ўрганиб чиқилган.

Ўрганишлар давомида Навбоғ маҳалласида яшовчи фуқаролар томонидан туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли тез ёрдам ва туғуруқхонага кириш йўли шу маҳаллада яшовчи фуқаро томонидан эгаллаб олинганидан норози бўлиб қилган мурожаатлари инобатга олиниб, тегишли далолатнома расмийлаштирилган.

Тўпланган ҳужжатлар Ургут туман ҳокимлигининг 2020 йил 5 июндаги 03-01/400-сонли расмий хати орқали Ургут туман ИИБ ҳамда Ургут туман прокуратурасига қонуний қарор қабул қилиш учун юборилган.

Бундан ташқари, Ургут туман Тиббиёт бирлашмасининг 2 та асосий кириш қисмидаги йўлаклар ёқасидаги темир панжаралар ҳамда фуқаролар томонидан ўрнатилган 6 та енгил конструкцияли шохобчаларни бузиб олиш бўйича мулк эгаларига туман Қурилиш бўлими томонидан ёзма равишда огоҳлантириш хатлари берилган.

Жорий йил 20 октябр куни 1392-сонли хат орқали тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳолда Ургут туман ИИБ ҳамда Ургут туман прокуратурасига такроран юборилган.

«Шунингдек, Ургут туман Қурилиш бўлимининг 2021 йил 20 октябрдаги 1403-сонли хати ҳамда Кадастр агентлиги Ургут туман бўлими томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Ургут туман судига 2021 йил 20 октябрдаги 03-21-сонли хати орқали даъво ариза киритилди.

Фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда ўрнатилган қурилмалар қонунчиликда белгиланган тартибда бартараф қилингандан сўнг Ургут туман ҳокимлиги томонидан Ургут туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли тез ёрдам ва туғуруқхона бўлимларига кириш йўли кенгайтирилиб, пиёдалар йўлакларини ташкил қилиш белгилаб олинди», дейилади муносабатда.

Top