Жамият | 12:29 / 30.10.2021
45181
2 дақиқада ўқилади

Юлдуз Усмонова муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун 185 млн сўм тўлаши белгиланди

Хонанда “Хаста бўлма” шеърини унинг муаллифи шоир Йўлчи Рўзиев билан келишмасдан қўшиқ қилиб куйлаб келган.

Фото: YouTube

2021 йил 20 сентябр куни шоир Йўлчи Рўзиев фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига хонанда Юлдуз Усмоновага нисбатан “Хаста бўлма” қўшиғининг шеър муаллифи сифатида муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига чек қўйиш, муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани учун товон пули ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Тошкент шаҳар суди матбуот хизматининг хабар беришича, 29 октябрь куни иш судда кўрилиб, қабул қилинган ҳал қилув қарори билан Юлдуз Усмоновадан даъвогар Йўлчи Рўзиев фойдасига 50 млн сўм маънавий зарар учун компенсация ва муаллифлик ҳуқуқини бузгани оқибатида етказилган зарар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари (135 млн сўм), жами 185 млн сўм миқдорида товон пули ундириш белгиланган.

Судда тарафлардан низони ўзаро келишиб, ҳал қилиш учун муддат берилган. Аммо суд якунига қадар келишувга эришилмаган.

Фуқаролик процессуал кодекси талабига мувофиқ, Юлдуз Усмонова ихтиёрида ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят киритиш учун 1 ой муддат мавжуд.

Мавзуга оид