Ўзбекистон | 13:40 / 02.11.2021
5992
3 дақиқада ўқилади

Комилов терроризмга қарши курашда АҚШ билан ҳамкорлик масаласига тўхталди

Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга АҚШ ҳарбий базаларини жойлаштириш масаласи кўриб чиқилмаётганини, лекин терроризмга қарши кураш бўйича халқаро шартномалар доирасида икки давлат разведка маълумотларини алмашиши мумкинлигини таъкидлади.

Фото: ТИВ матбуот хизмати

Ташқи ишлар вазири АҚШ ҳарбий базаларини жойлаштириш борасида расман ва жиддий баёнотлар берилишига қарамасдан бу масала ҳамон кўтарилаётгани Ўзбекистон ҳукуматини ҳайрон қолдираётганини айтиб ўтди.

«Биринчидан, яна бир бор таъкидлайман, бу масала кўтарилмаяпти, муҳокама қилинмаяпти ва кўтарилмаган ҳам.

Иккинчидан, Ўзбекистон АҚШ бўладими ёки бошқа давлат бўладими, халқаро шартномалар ва кўп томонлама келишувлар асосида терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича ҳамкорлик қилишда давом этади. 

Разведка маълумотларини алмашишга келсак, агар бирор давлат ўз вақтида тақдим қилган разведка маълумотлари жиддий терактнинг олдини олишга кўмаклашса, нега бундан фойдаланмаслик керак? Агар сизда шундай маълумот бўлса, нега уни теракт тайёрланаётган давлатга бермаслик керак?

Албатта, масаланинг ўзига хосликлари бор: ўзининг муҳим манбасини ошкор қилмаслик, маълумотни қандай шаклда узатиш – булар энди махсус хизматларимиз фаолиятига доир масаланинг бошқа тарафи.

Шунинг учун, биз АҚШ билан терроризмга қарши кураш борасидаги масалаларни муҳокама қилганимизда, терроризмга қарши кураш бўйича халқаро амалиёт ҳақида гап кетаётган бўлади», – деган Абдулазиз Комилов жорий йилнинг 22 октябрь куни рус нашрларига берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда Америка нашрларида Ўзбекистон ҳудудида АҚШ терроризмга қарши курашиш кучлари жойлаштирилиши юзасидан музокаралар ўтказилиши ҳақида ёзилди. Лекин Ўзбекистон томони бир неча бор (президент матбуот котиби, Ташқи ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги расмийлари) АҚШнинг аксилтеррор бўлинмаларини Ўзбекистонга жойлаштириш масаласи кўриб чиқилмаётгани маълум қилган.

Маълумот учун, АҚШ қуролли кучлари Афғонистондаги ҳарбий операцияларни амалга оширишда 2001–2014 йилларда Қирғизистоннинг «Манас» аэропортидан ҳамда 2001–2005 йиллар мобайнида Ўзбекистоннинг «Қарши-Хонобод» ҳарбий базасидан фойдаланган.

Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепциясига кўра, мамлакат ҳудудида хорижий давлат ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.

Мавзуга оид