Исроилнинг инфратузилма ва сув захиралари вазири, мушак дистрофиясидан азият чеккани сабабли ногиронлар аравачасида ҳаракатланувчи Карин Элхаррар БМТнинг Глазгода ўтаётган иқлим бўйича саммити COP26’нинг биринчи куни тадбир ўтаётган жойга кира олмади. Вазирнинг таъкидлашича, бунга саммит ўтказилаётган жой ногиронлар аравачасида ҳаракатланувчилар учун тегишли шароитлар билан таъминланмагани сабаб бўлди.

Элхаррарнинг ходимлари Times of Israel нашрига вазир саммит ўтказилаётган жой Scottish Event Campus мажмуаси яқинида 2 соатча кутишига тўғри келгани, бироқ унга кира олмагач, Глазгодан 80 км узоқликда жойлашган пойтахт Эдинбургдаги меҳмонхонага қайтиб кетишига тўғри келганини маълум қилишган.

“Улар менга мажмуага киришнинг ягона йўли — бир километрлик масофани босиб ўтиш ёки ногиронлар аравачаси учун жой билан жиҳозланмаган шаттлга ўтириш кераклигини айтишди”, деб маълум қилган вазирнинг ўзи.

У БМТ барчани ногиронлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияга қўшилишга чақириши, бироқ тадбирда ногиронлар учун шароитлар таъминланмагани уни ҳайрон қолдирганини таъкидлаб ўтган.

Воқеадан кейин Исроил делегацияси ушбу ҳолат юзасидан саммит ташкилотчиларига арз қилган, Исроил бош вазири Нафтали Беннет эса Элхаррар тадбир ўтказилаётган жойга кира олмаса, ҳаттоки саммит Исроил томонидан бойкот қилиниши мумкинлигини айтган. 

Бироқ Элхаррар саммитнинг 2-куни унда ҳеч қандай муаммоларсиз иштирок эта олган. У BBC’га берган интервьюсида бу сафар “ҳаммаси мутлақ бошқача бўлгани”ни айтган ва юз берган ҳодисадан сабоқ чиқаришга чақирган. Унинг таъкидлашича, халқаро анжуманлар ташкилотчилари имконияти чекланган одамлар учун шароитларни яратишни унутмасликлари лозим.

Ўз навбатида, Британия атроф-муҳит вазири Жорж Юстис исроиллик вазир билан юз берган воқеадан афсус билдирган ва Британия ҳукумати ундан узр сўраганини айтган.

Шу билан бирга, Юстис BBC’нинг “Radio 4” радиостанциясида воқеа Исроил делегацияси айби билан юз берган бўлиши мумкинлигини, чунки Элхаррар ногиронлар аравачасида ҳаракатланувчилар учун жиҳозланмаган оз сонли кириш жойларидан бирига келганини маълум қилган.  

“Бундай вазиятда Исроил ўз вазири бирор ёрдамга муҳтожлигини айтиши кифоя қиларди. Ушбу вазиятда нимадир нотўғри кетган ва ташкилотчилар бехабар қолган, шу сабабли исроиллик вазир келган кириш жойида зарур шароитни муҳайё қилмаган”, деб қўшимча қилган вазир. 

Бироқ британиялик вазирнинг бундай жавоби Британия мухолифати томонидан танқидга учраган. Жумладан, лордлар палатаси аъзоси Сара Ладфорд “саммит мезбонларининг ҳамма нарсада меҳмонларни айблаши одобдан эмаслигини” таъкидлаб ўтган.