Жаҳон | 16:22 / 04.11.2021
3769
3 дақиқада ўқилади

Иқлим бўйича Париж келишуви талабларига мувофиқ 130 трлн доллар сармоя киритилади

БМТ иқлим масалаларига бағишланган конференциясининг тўртинчи куни иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва янги шароитларга мослашиш учун қабул қилиниши керак бўлган чораларни молиялаштириш масалаларига бағишланди. Асосий мақсад – исишни Цельсий бўйича 1,5 даража чегарасида ушлаб туриш.

Climate Visuals Countdown/Р.Пуке

БМТнинг иқлим бўйича махсус элчиси Марк Карни ўз фаолиятида Иқлим бўйича Париж келишуви талабларини ҳисобга олишга рози бўлган банк, суғурта ва сармоя компаниялари, шунингдек, бошқа корпорацияларнинг 500 нафарга яқин вакилларини 3 ноябрь куни Глазгода тўплади.

Аниқ мажбуриятлар

Форум иштирокчилари глобал инвестицион капиталнинг 40 фоизи, яъни 130 трлн доллар иқлим ўзгаришига қарши кураши соҳасидаги мақсадлар учун сарфланишини эълон қилишди. “Бугунги куннинг асосий ютуғи аниқ молиявий мажбуриятлардир, бу эса қуруқ гап эмас”, - дея ўз фикрини билдирди Англия банкининг собиқ бошқарувчиси, БМТ вакили Марк Карни.

“Яъни, зарарли чиқиндиларнинг атмосферага чиқарилишини қисқартиришга ваъда берган компаниялар ўз лойиҳалари молиялаштирилишига эга бўлишади, қолганлар эса йўқ”, - дея ойдинлик киритди у.  

БМТда иқлим ўзгаришига қарши курашга хусусий маблағни киритиш қай даражада муҳим экани, фақат шу йўл билангина реал ўзгаришларга эришиш мумкинлиги ҳақида бир неча марта айтилган. “Бугунги кунга қадар яшил иқтисодиётга ўтишни молиялаштириш учун пул етмаётганди”, - дея эслатди Карни.

Янги давр

Форумда иштирок этган йирик молиявий компания раҳбарлари у ёки бу лойиҳага сармоя киритиш борасида қарор қабул қилаётганда биринчи навбатда унинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш орқали бизнес соҳасида янги даврни очишга ваъда беришди. “Биз бу ерда том маънода янги саноат яратяпмиз ва иқлим чораларига устуворликни берган ҳолда мазкур саноат учун янги қоидаларни ишлаб чиқяпмиз”, - деди Morgan Stanley компаниясида барқарор иқтисодиёт масалалари билан шуғулланувчи Эндрю Чой.

Жамоат маблағлари

Иқлим мақсадларини амалга ошириш учун давлат маблағлари ажратилиши эса кечикмоқда. Иқлим бўйича 2009 йилда ўтказилган 15-конференция иштирокчилари 2020 йилдан бошлаб ҳар йили ривожланаётган мамлакатлар 100 млрд доллар ажратишига розилик беришганди. Эндиликда бу муддат ортга сурилди. Қанча вақтга?

БМТ вакиллари эҳтиёткорона оптимизм билан жорий 26-конференция якунига келиб, тўловлар 2022 йилда бошланади дейиш мумкин бўлади, деган тахминни билдиришди. Янги мажбуриятларни АҚШ, Япония, Австралия, шунингдек, Испания, Ирландия ва Люксембург ўз зиммасига олди.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид