Қаршининг «Насаф» жамоаси 5 ноябрь куни ўзбек футболининг халқаро майдонда сўнгги йиллардаги энг катта муваффақиятини қайд этиши мумкин. Рўзиқул Бердиев шогирдлари шу куни ОФК кубоги финалида Баҳрайнда «Ал-Муҳаррақ» жамоасига қарши саф тортади. Эътиборлиси, ўзбек клубларининг Осиёдаги энг муваффақиятли юриши ҳали-ҳамон айнан «Насаф»га тегишлидир. Воҳаликлар роппа-роса 10 йил аввал – 2011 йилнинг кузида ОФК кубоги финалида Анатолий Демьяненко мураббийлигида «Кувайт СК» жамоасини мағлуб (2:1) этиб, халқаро майдондаги илк совринга эга чиқишганди. Tribuna.uz финал олди 10 йил аввалги финални эслаб, ўша қаҳрамонлар қандай тақдирлангани, «Насаф»ни ўз тарихида илк марта чемпионга айлантирганлар ҳозир нима билан банд эканига қизиқди.

19та автомашина. Нуриддин Зайниев ва Алишер Султонов чемпионлик учун қандай ваъда берганди?

2011 йил, 29 октябрь. Самарқанддан бир гуруҳ журналистлар билан Қаршига етиб келдик. Ўйиндан 3-4 соат аввал «Марказий» ўйингоҳ атрофи фақат қашқадарёлик эмас, қўшни вилоятлардан ҳам келган мухлислар билан гавжум, чипталар чайқовчилар қўлига чиқиб, 2-3 баравар қимматлашган. ОФК томонидан ОАВ аккредитациясидан ўтказилганимизга қарамай, тумонат мухлислар орасидан стадионга бир амаллаб кирдик. Ўйин бошланишидан аввал Қашқадарё футболи асосчиси бўлмиш вилоят ҳокими (марҳум) Нуриддин Зайниев, «ШўртанГазКимё» комплекси раҳбари, «Насаф» президенти Алишер Султонов футболчилар билан учрашган бўлса, кўп ўтмай ЎФФ президенти (марҳум) Мираброр Усмонов ОФК президенти Жанг Жи Лонг билан стадионга кириб келди ва финалдан кейин ҳам айнан улар ғолибларни тақдирлашди.

Маълум бўлишича, финалдан олдин клуб раҳбарияти томонидан «Насаф» футболчиларига катта мукофот ваъда қилинган ва ОФК кубоги қўлга киритилгач, ваъдага вафо қилиб, номдор таркибни бошқарган Демьяненко қўл остидаги футболчиларга 18та «Spark» ва мураббийга битта «Epica» автомобили мукофот тариқасида совға қилинган. Хўш, 10 йил аввалги «Насаф» аъзолари ҳозир қаерда?

Мурод Зуҳуров
2011 йил: Дарвозабон
Ҳозирда: Дарвозабонлар мураббийи

2011 йил «Насаф» дарвозасини қўриқлаган Мурод Зуҳуров ўша мавсумда Михаил Наумов Дмитро Козаченко ва Элдор Суюнов билан асосий таркибдаги ўрин учун кураш олиб борган ва бош мураббий Анатолий Демьяненко «Кувайт СК»га қарши финалда айнан 27 ёшли дарвозабонга ишонч билдирганди. Мурод ҳам ишончни оқлай олган.