Жамият | 18:01 / 06.11.2021
10323
3 дақиқада ўқилади

Оқдарёда аҳолининг ўзи сотиб олган трансформатор тўрт ойдан бери тармоққа улаб берилмаяпти

Янги трансформатор фуқароларнинг ташаббуси ва маблағи эвазига сотиб олинган, аммо бир неча ойдирки мутасаддилар уни тармоққа улаб беришмаяпти.

Маълум бўлишича, Самарқанд вилояти Оқдарё туманининг Ойтамғали маҳалласи Пилол қишлоғида яшовчи фуқаролар мунтазам электр қуввати паст бўлгани сабабли масъулларга бир неча марта мурожаат қилган. Мутасаддилардан туманга трансформатор ва симёғочлар учун етарлича лимит ажратилмайди, деган жавобни олганидан сўнг ўзлари трансформатор сотиб олишга қарор қилган.

“Бу трансформаторни 22 миллион сўмга сотиб олдик. Трансформаторни ўзимиз олиб келсак, муаммомиз тезда ҳал бўлади, деб хато ўйлаган эканмиз. Мана, ушбу матоҳни олиб келиб, “электросет”дагиларга осон бўлсин учун жойига ўрнатиб қўйганимизга ҳам тўрт ой бўлди. Тармоққа улаб берилмаяпти. Бир неча марта туман электр тармоқлари корхонасига оғзаки мурожаат қилдик, вилоятдаги масъуллар ҳам хабардор. Ҳатто порталга ёзганимизгаям қарийб бир ой бўляпти, аммо натижа йўқ. Кунлар совиб қолди, ҳамма электр энергиясидан фойдаланади. Ёзнинг иссиқ кунида талабга жавоб бермайдиган эски трансформаторимизнинг аҳволини тасаввур қилаверинг энди”, – дейди Пилол қишлоғида яшовчи Муҳаммад Сирожев.

Пилолликлар трансформаторни ўрнатиш учун ишлатиладиган кабел ва шу каби зарур жиҳозларни ҳам олиб келган. Аммо ҳозирча электр таъминоти идораси вакиллари “дастурга киритмаганмиз” деб жавоб бераётган экан.

Kun.uz мухбири Оқдарё тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари Шавкат Хўжанов билан телефон орқали боғланди. Хўжанов ушбу масаладан хабардор эканини маълум қилди ва 8 ноябр, душанба куни трансформатор тармоққа улаб берилишини билдирди. Айни пайтда трансформаторни ўрнатиш учун зарур бўладиган тўртта симёғоч муаммосини ҳал этаётганини айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, бир муддат аввал Kun.uz’да «Бир вилоятда ўн минглаб «столба» авария ҳолатида. Симёғочлар монополияси тизимнинг «сеҳрли таёқчаси»ми?» сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинганди.

Унда хусусан, Самарқанд вилоятида жами 565 мингдан ортиқ симёғоч мавжуд бўлиб, шундан 245 мингтаси эски, ёғоч устунлар бўлса, 60825 таси авария ҳолатида, яъни алмаштирилиши кераклиги айтилганди.

Бундан ташқари, Kun.uz “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тақдим этган маълумотларни таҳлил қилиб, 2021 йил учун белгиланган электр узатиш тармоғи ва трансформаторларни янгилаш режаси бажарилмай қолиш эҳтимоли ҳақида ёзганди.

Аммо кўп ўтмай, масалага жамият муносабат билдириб, берилган маълумотлар хато эканини маълум қилганди.

Kun.uz юқорида айтиб ўтилган муаммо ҳал этилишини кузатади.

Мавзуга оид