Ўзбекистон | 10:17 / 06.11.2021
24177
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида ҳайкал қуриш учун 28 миллиард, кутубхона қуриш учун эса 6 миллиард сўм маблағ ажратилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова ҳайкал мажмуасини қуриш учун 28,4 миллиард сўм ҳамда замонавий кутубхона биносини қуриш учун 6 миллиард сўм маблағ ажратиш бўйича фармойиш чиқарди.

Унга кўра, жами 34,4 миллиард сўм маблағ Тошкент вилояти маҳаллий бюджетининг 2021 йил III чорак якунида шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан «Тошкент вилоятида бизнес марказларини қуриш дирекцияси» ДУКка ажратилади.

Шунингдек, фармойишда вилоят ҳокимининг аввалги — 2021 йил 23 апрелдаги фармойиши асосида Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ишлари учун ажратилган маблағдан ишлатилмаган 4,91 миллиард сўмлик қисмини белгиланган тартибда вилоят маҳаллий бюджетига қайтариш кераклиги айтилган.

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида яшаган Зулфия Зокирова турмуш ўртоғи вафот этгач беш ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказган. Аёл Иккинчи жаҳон урушида беш нафар ўғлининг баридан айрилган.

2019 йил 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида президент Шавкат Мирзиёев Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб муҳташам ҳайкал ўрнатиш ҳамда унга «Матонат мадҳияси» деб ном бериш таклифини билдирган эди.

2020 йил Тошкент шаҳридаги Ғалаба боғи марказида бу ҳайкал очилди, шунингдек Зулфия Зокировага бағишлаб бадиий фильм яратилди.

Мавзуга оид