Ўзбекистон | 08:07 / 09.11.2021
14503
3 дақиқада ўқилади

Пиёда юрилганига пул бериладиган дастурда масофа ҳақиқатда босиб ўтилганини тасдиқловчи механизм қайта кўриб чиқилади

Фото: Kapital.uz

Президент “Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Молия вазирлиги “Соғлом турмуш тарзи” платформаси орқали амалга ошириладиган тўловлар 2022 йил учун Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини ҳамда 2022 йил 1 январдан бошлаб Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан уларнинг тўлиқ ҳажмда тўлаб берилишини таъминлайди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда аҳоли ўртасида юриш ва югуришга қизиқиш тобора ортиб бораётгани, соғлом турмуш тарзини олиб бориш фуқароларнинг кундалик ҳаётига фаол айланаётганлигини инобатга олиб, 2022 йил 1 январга қадар “Соғлом турмуш тарзи” платформасини такомиллаштиради, шу жумладан, ахборот дастурида фуқаролар томонидан белгиланган масофани ҳақиқатда босиб ўтганлигини тасдиқловчи механизмларни қайта кўриб чиқади.

2021–2025 йилларда ҳудудларда бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турлари учун 1 164 та спорт майдончаларини ташкил этиш параметрлари тасдиқланди. 

Бунда, Туризм ва спорт вазирлиги Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон бадминтон федерацияси, Ўзбекистон баскетбол федерацияси билан биргаликда икки ой муддатда спорт майдончаларига қўйиладиган талаблар асосида ҳамда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг қизиқиши ва хоҳиш-истаклари, аҳоли сони ва инфратузилмани инобатга олган ҳолда, спорт майдончаларининг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқади.

Спорт майдончаларининг аҳоли яшаш жойларига қулай ва халқаро талабларга мос равишда ташкил этилиши, спорт майдончалари қопламаси тартан-синтетик қопламадан бўлиши, аҳоли барча қатламларининг ёши ва қизиқишларига мос бўлишига эътибор қаратади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари спорт майдончаларини фойдаланиш хусусиятини йўқотмаган ҳолда ва тегишли жойлашувига кўра маҳалла фуқаролар йиғини ёки уй-жой мулкдорлари ширкатларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида беради.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда спорт майдончаларидан аҳолининг самарали фойдаланишини ташкил этиш, ўрнатилган ускуналарни сақлаш ва таъмирлаш билан боғлиқ харажатларни назарда тутади.

Бир ой муддатда туманлар ва шаҳарлар бўйича намунавий лойиҳа асосида ҳар бир маҳаллада бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт майдончаларини ташкил этишни назарда тутувчи 2021–2025 йилларда амалга оширилиши мўлжалланган ҳудудий манзилли дастурлар тасдиқланади ҳамда ушбу ишларни давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этишга ташаббускор маҳаллий тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш чоралари кўрилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид