Жамият | 13:42 / 09.11.2021
15962
3 дақиқада ўқилади

Тезликни ошириш оқибатида ЙТҲда вафот этган ҳайдовчи ўз жонига қасд қилган ҳукмида бўладими?

Йўл ҳаракати фиқҳи бўйича изланишлар олиб борган имом Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид Kun.uz билан суҳбатда йўл ҳаракатига доир шариат ҳукмлари ҳақида маълумот берди.

Kun.uz Ислом динида йўл ҳақлари, йўл қоидаларига амал қилишнинг ҳукми борасида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид билан суҳбат ташкил этди.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид – “Йўл ҳаракати фиқҳи” мавзусида битирув-малакавий ишини ёзиб тугатган ва Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб мавзуга илмий ёндашган аҳли илмлардан ҳисобланади.

Ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг қоидаларга амал қилмаслиги, йўллардаги носозликлар, баъзида масъулларнинг эътиборсизлиги йўллардаги аварияларга сабаб бўлаётгани Ислом динида ҳам қораланади.

Хусусан, тезликни ошириши ёки йўл қоидаларига риоя қилмаслиги оқибатида ЙТҲга учраб, вафот қилган шахс ўз жонига қасд қилган шахс мақомида бўлиши мумкин. Чунки у чегарадан чиқаётганини билиб туриб қоидани бузди ва ўз жонини хатарга қўйди, дейди Kun.uz билан суҳбатлашган Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид.

ZN38QjT_KJHau98IfXsiMmVoixhjJL3N.jpg (800×535)
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид / Фото: Kun.uz

“Саудиялик уламоларнинг фатволари бор, 120 км/с тезликдан юқори тезликда юриб (бошқа давлатларда тезлик фарқ қилиши мумкин) автоҳалокатга йўлиқса, киши ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади. Шундай ҳолатда бировга талафот етказса ҳам, қасддан одам ўлдирган бўлади, дейилган. Лекин бу ростмана қасддан эмас, балки қасддан ўхшаш, эҳтиётсизлик ва қасддан ҳолатларининг ўртасидаги ҳолатдир. Яъни, инсон томонидан ҳаракат бўлади, лекин мақсад ўлдириш бўлмайди. Бу ерда ҳайдовчи ўзини атай ўлдирмаяпти, лекин чегарадан чиқиб, қоидани бузгани учун у худди ўзини ўлдирганнинг ҳукмида бўлади, дея фатво берилган.

Бу гап ўша кишига жаноза ўқимаслик учун эмас, балки масъулиятини ошириш учун айтилади. Бунда жавобгарлик ўша қоидабузарнинг бўйнига тушади, охиратдаги сўрови ҳам эҳтимолдан холи эмас. Чунки ўзини хатарга қўйиши мумкин эмас”, – дейди суҳбатдошимиз.

Суҳбат давомида йўл қоидалари амал қилиш бўйича шариат ҳукмлари, қоидаларни ўргатиш бўйича автомактаблар ва жамиятнинг масъулиятлари, ЙТҲ иштирокчилари, гувоҳлар ва масъулларнинг ҳолати, қоидабузарларни расмга олиб, юбориш ҳамда аёллар автомобиль ҳайдашига доир кўплаб қизиқарли мавзулар ёритиб берилган.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Видеолавҳа ва мақоладаги диний матнлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита экспертизасидан ўтган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид