Жаҳон | 18:44 / 10.11.2021
7096
1 дақиқада ўқилади

Apple-1 компьютери кимошди савдосида 400 минг долларга сотилди

Дастлабки 200та Apple компьютери компания асосчилари Стив Возняк ва Стив Жобс томонидан қўлда йиғилган.

Фото: Apple

Калифорнияда Apple-1 моделидаги 200 компьютердан бири 400 минг долларга сотилди. Бу ҳақда France-Presse агентлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, бу моделдаги компьютерларни 1976 йилда Apple асосчилари шахсан Стив Возняк ва Стив Жобс йиғиб чиққан. Жами 175 дона компьютер сотилган бўлиб, дунё бўйича 20 донага яқин компьютер ишлайдиган ҳолатда сақланган.

Аукцион сайтида хабар қилинишича, компьютернинг система блоки Ҳавайида ўсадиган коа дарахти ёғочидан тайёрланган. Унга 1986 йилда ишлаб чиқарилган Panasonic монитори ва иккита кассетада Apple дастурий таъминоти қўшимча қилинган.

Компьютернинг биринчи эгаси университет профессори бўлган, у 1977 йилда уни ўз талабасига 650 долларга сотган.

2014 йилда Apple-1 компьютери кимошди савдосида 905 минг долларга сотилган, деб ёзади агентлик.

Мавзуга оид