9 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати раиси, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Норбоева раислигида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлиси бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, йиғилишда Шавкат Мирзиёевнинг президентлик лавозимига киришиш маросимида илгари сурган коррупцияга қарши курашиш масалаларига эътибор қаратилган.

«Олий таълим, соғлиқни сақлаш, капитал қурилиш ҳамда давлат харидлари соҳаларини «коррупциясиз соҳа»га айлантириш бўйича «йўл харита»лари қабул қилиниб, улар устидан таъсирчан парламент назорати ўрнатилди.

Хусусан, олий таълим ва капитал қурилиш соҳаларидаги бир қатор тартиб-таомиллар соддалаштирилди, инсон омили камайтирилди, айрим хизматларнинг рақамлаштирилиши ҳисобига коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи омиллар бартараф этилди», – дейилади хабарда.

Шунингдек, йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси муҳокама қилинди ҳамда олий ва ўрта махсус таълим ҳамда қурилиш вазирларининг ҳисоботлари эшитилди.

«Мажлисда олий ва ўрта махсус таълим ҳамда қурилиш вазирларининг ҳисоботлари эшитилиб, олий таълим ва капитал қурилиш соҳаларини «коррупциясиз соҳа»га айлантириш бўйича 2022-2023 йилларга мўлжалланган «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди», — дейилади Сенат хабарида.

Маълумот учун, 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони асосида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий идоралараро комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилган эди.

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг раиси этиб Сенат раиси Танзила Норбоева, унинг ўринбосари сифатида Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов тасдиқланган. Бундан ташқари, Миллий Кенгаш таркибидан деярли барча вазирлар ва давлат ташкилотларининг раҳбарлари ўрин олган