Ўзбекистон | 12:15 / 12.11.2021
7299
2 дақиқада ўқилади

Вирусология институтига асос солган Шабат Хўжаев вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Нью-Йорк академиясининг ҳақиқий аъзоси, профессор Шабат Хўжаев 98 ёшда ҳаётдан кўз юмди.

Фото: Инновация вазирлиги

Инновация вазирлиги хабарига кўра, Шабат Хўжаев 1924 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1946 йилда Тошкент тиббиёт институтининг даволаш факультетини тамомлаган.

1946 йил ноябрь ойида СССР Тиббиёт фанлари академиясининг Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар институтига аспирантурага ўқишга қабул қилинган. Аспирантурани тамомлагач, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, 1951 йилгача шу институтда ишлаган. 

1961 йилда Шабат Хўжаев Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида юқумли касалликлар кафедраси профессори, 1962-1965 йилларда илмий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозимларида ишлаган, 1964 йилдан эса болалар юқумли касалликлари кафедрасини ташкил этиб, 40 йил давомида унга раҳбарлик қилган.

Шабат Хўжаев 1967 йилда Ўрта Осиёда илк бор 1-клиник юқумли касалликлар шифохонасида вирусология лабораториясини яратди ва Ўзбекистонда биринчи марта грипп ва бошқа ўткир респиратор касалликлар диагностикаси учун иммунофлуорессенция реакциясини жорий қилди. Клиник иммунологияда олиб борилган ишларнинг катта босқичи натижаси ўлароқ Москвада нашр этилган "Иммунология бўйича қўлланма" (1973) монографияси бўлди.

1979 йилда Шабат Хўжаев Д.Ивановский номидаги Вирусология институтининг Ўзбекистондаги филиалини тузиб, унга раҳбарлик қилган. Ўзбекистон ССВ Вирусология институтига асос солиб, унга 2004 йилгача раҳбарлик қилган.

Профессор Шабат Хўжаев вирусли гепатит соҳасида иш бошлаган ҳолда Ўзбекистон аҳолисини гепатит вирусига қарши оммавий эмлаш ғоясини илгари суриб, босқичма-босқич амалга оширган. 1990-1991 йилларда Ш.Хўжаев раҳбарлигида Вирусология илмий-тадқиқот институтида вирусли гепатит Б га қарши эмлаш дастури ишлаб чиқилган.