«Юқоридан постларни ўчир, деган қўнғироқлар бўлса, соддалигимдан ўчириб юборардим» — «Ёшларни қўллаб-қувватлаш» канали муаллифи Эгамназар Абулбоқиев
Ўзим талаба бўлганим учун уларни қийнаётган муаммолар ва қийинчиликларни кўриб билиб тураман. Муаммолардан қочишни эмас, уларни жойида ҳал этиб яшашга ўрганганман. Фаолиятим давомида ёки ҳаётимда қанақадир муаммо бўлса, хотиржам ишларимни қилиб, ўқишимни ўқий олмайман.
Бу муаммо ва камчиликлар бошқаларни ҳам қийнайди, деган фикрдаман. Шунинг учун бу муаммоларни ҳал қила оладиган одамларга муаммо ҳақида билдириш учун блог очиб, уни юрита бошлаганман.
Канални энди очган пайтларим жуда содда эдим, қайсидир мендан юқори турувчи шахслар қўнғироқ қилиб, «мақолангни ўчир», деса, соддалигим сабабми, билмадим, ўчириб юборардим.
Кейинчалик мен ҳам зийраклик билан ишлай бошладим. «Каналимда 5та админ бор, шулардан бири ёзган, мени тишим ўтмайди», деб ўзимдан соқит қилишни бошладим. Лекин шундай қийинчиликлар ҳам бўлдики, видео мурожаатларимни ҳам жойлашга тўғри келиб қолди. Лекин у видео меники эмас, деб вазиятдан чиқиб бўлмасди.
Блогни юритишдаги асосий қийинчилик — цензура. Ҳаёт қисқа жон ширин. «Масофавий таълим» канали админи Р.М.
«Масофавий таълим» каналининг фаолияти 2020 йил 16 мартдан Ўзбекистонда карантин эълон қилингани сабаб бошланган. Ўшанда барча таълим даргоҳлари илк марта онлайн таълимга ўтказилган. Ёшлар учун фойдали ва манфаатли бўлиши учун блог очишни ният қилганмиз.
Бунинг учун энг қулай платформа Телеграм эди. Канал очдик ва қисқа фурсатда обуначиларимиз 66 минг нафардан ҳам ошди. Карантин юмшатилиб, таълим даргоҳлари анъанавий таълимга қайтгач, бизга ҳам, бизнинг фаолиятимизга ҳам деярли эҳтиёж қолмади.
2020 йил тахминан сентябр ойлари эди, канал йўналишини ўзгартириб, асосан, талабалар учун ёзадиган каналга айландик. Каналнинг номи эса шундайлигича қолди — «Масофавий таълим». Қайсидир маънода бренд бўла олдик, деб ҳисоблайман. Шу сабаб номни ўзгартирмай сақлаб қолдим.
Бу йўлда ягона қийинчилик бор — цензура. Каналда талабалардан ташқари таълим мавзулари ҳам ёзиб борилади. Бугунгача қандайдир жиддий таҳдид ёки босим бўлмаган. Аммо бир неча марта билвосита постни ўчиришга уринишлар бўлган. Ички цензура ҳам баъзи нарсаларни ёзмасликка сабаб бўлиб туради. Ҳаёт қисқа, жон ширин.

















