Спорт | 15:55 / 21.11.2021
15507
2 дақиқада ўқилади

«МЮ» Сульшерни истеъфога чиқарди

Клубни вақтинча Кэррик бошқариб туради. Раҳбарият Зинедин Зиданни олиб келиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Фото: Getty Images

«Манчестер Юнайтед» раҳбарияти норвегиялик мутахассис Оле-Гуннар Сульшер жамоа бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилгани ҳақида расман эълон қилди.

«Манчестер Юнайтед» тасдиқлайдики, Оле-Гуннар Сульшер ўз лавозимини тарк этди. Барчаси учун раҳмат, Оле», — дейилади «Манчестер Юнайтед» матбуот хизмати хабарида.

Сульшер «Манчестер Юнайтед»ни 2018 йилдан буён бошқариб келаётганди. Унинг бошқарувида инглизлар клуби 2020/2021 йилги мавсумда Европа лигаси финалига етиб борди, аммо ҳал қилувчи ўйин «Вильярреал»га бой берилди (1:1, 10:11 — пенальтилар бўйича). Футболчилик фаолияти вақтида Сульшер 1996 йилдан 2007 йилгача «Манчестер Юнайтед» сафида тўп сурган.

«Манчестер Юнайтед» жорий мавсумда АПЛда 12 ўйинда 17 очко тўплади ва ҳозирда 7-ўринда қолмоқда. Жамоа чемпионатдаги сўнгги 7 турда фақат бир ғалабага эришган, 12-турда «Уотфорд»дан учралган мағлубият, Сульшернинг «Манчестер Юнайтед» бошқарувидаги сўнгги ўйини бўлиб қолди.

ОАВ маълумотларига кўра, «Юнайтед» Сульшерга 7,5 млн евро товон пули тўлайди.

Яқин муддат ичидаги ўйинларда жамоани Майкл Кэррик бошқариб туради. Аммо «Манчестер Юнайтед» раҳбарияти мавсум охиригача жамоани бошқариши учун нисбатан тажрибали мураббий излашга киришган.

The Athletic нашрининг маълумот беришича, «Манчестер Юнайтед» раҳбарларининг асосий мақсади Зинедин Зидан бўлиб турибди. Шунингдек, номзодлар қаторида Хулен Лопетеги ва Лоран Блан вариантлари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Мавзуга оид