18 ноябрь куни Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида TBC Bank Uzbekistan ҳомийлиги остида ўтказилаётган TBC Ornaments номли ноёб ижтимоий лойиҳаси доирасида www.tbc-ornaments.uz платформасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир меҳмонлари – дизайнерлар, модельерлар, журналистлар, режиссёрлар, санъатшунослар, тадбиркорлар ва TBC Ornaments лойиҳаси ҳамкорлари нафақат веб-сайтни, балки биринчи рақамлаштирилган нақшларни ҳам кўришди.
Жорий йилнинг баҳорида TBC Bank Uzbekistan миллий нақшларни рақамлаштириш ва ҳамма фойдаланиши учун рақамли каталог яратиш мақсади билан лойиҳанинг бошланиши ҳақида эълон қилди.

Апрель ойида Тошкент – Самарқанд – Ургут – Нурота – Бухоро – Ғиждувон йўналишлари бўйича ўзбек тўқимачилигига бағишланган биринчи экспедиция бўлиб ўтди. 100 дан ортиқ нақшлар суратга олинди, улар билан экспедиция аъзолари музей ва устахоналарда танишиб чиқишди. Экспедициядан қайтгач, ҳар бир нақшни рақамли форматга ўтказиш бўйича, уларнинг тавсифини тайёрлаш ва миллий нақшларнинг тўлиқ маълумотлар базасини тўплаш учун рақамли платформа яратиш ишлари бошланди.
Рақамли платформа тақдимотини TBC Bank Uzbekistan бошқарув раиси Спартак Тетрашвили ва TBC Bank Uzbekistan маркетинг бўйича директори Камилла Мўминовалар очиб беришди.

Спартак Тетрашвили қуйидагиларни таъкидлаб ўтди: «TBC Ornaments лойиҳаси Грузияда муваффақият билан амалга оширилган. Ўзбекистонга келиб, бу мамлакат маданияти билан танишар эканмиз, бундай лойиҳа бу ерда ҳам катта имкониятларга эга эканлигини англадик. Қолаверса, маҳаллий дизайнерлар ва тадбиркорлар ҳамжамияти ўзбек нақшларини энг яхши сифатда топишда кўпинча қийинчиликларга дуч келишини билиб олдик. Мазкур лойиҳа билан биз ўзбек миллий амалий санъатининг тикланишига ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз ва миллий нақшларга янги рақамли ҳаёт бахш этиш истагимиз бор».
TBC Ornaments лойиҳасининг иштирокчилари ва бевосита мутасаддилари Ферузхон Якубходжаев ва Сардор Бабаев лойиҳанинг пайдо бўлиш тарихи ва биринчи экспедиция таассуротлари билан ўртоқлашдилар.

Рақамлаштиришнинг биринчи босқичида лойиҳани қўллаб-қувватлаган компаниялар вакиллари ҳам тадбир меҳмонлари сифатида иштирок этишди. Uztelecom, Testo, B&B, Chaykof компаниялари нақшларни қадоқлаш дизайни ва реклама кампанияларида биринчи бўлиб қўллашди.











