Тошкентнинг Сергели туманида маҳаллий рассом Надежда Риксиева TBC Bank билан ҳамкорликда яратган ноёб деворий расм пайдо бўлди. Ушбу санъат асари шаҳарнинг кўркига кўрк қўшиш билан бирга, инновацион Airlite бўёқлари ёрдамида ҳавони ҳам тозалайди. Ушбу технология шаҳарлардаги ҳавонинг ифлосланишига қарши курашда энг истиқболли ечимлардан бири сифатида БМТ томонидан тан олинган бўлиб, бир қатор халқаро лойиҳаларда ўз самарадорлигини исботлаган ва эндиликда илк бор Ўзбекистонда қўлланилмоқда. Мурал учун жой тасодифий танланмаган: Сергели тумани — Тошкентнинг энг жадал ривожланаётган, аҳоли зич жойлашган ҳудудларидан бири бўлиб, лойиҳанинг кўплаб инсонларни қамраб олиб, уларни илҳомлантиришига имкон яратади.

Фото: TBC Bank

Бўёқнинг таъсири худди момақалдироқдан кейин ҳавонинг манфий зарядланган ионлар билан тозаланиши ёки ўсимликларнинг ҳаводаги карбонат ангидридни ютиб, кислород ажратиб чиқарувчи фотосинтез каби табиий жараёнга асосланган. Қуёш нури таъсирида бўёқ ҳаводаги ифлосланган зарралар, яъни азот оксидларини зарарсизлантиради ва худди шундай майдонга эга яшил ҳудуд каби зарарли чиқиндилар даражасини самарали равишда камайтиради. 250 м² лик қоплама кунига 50 та автомобилдан чиқадиган зарарли моддаларни нейтраллай олади. Бўёқ қуёш нурларининг иссиқлик тарқатувчи компонентларини қайтариб, ортиқча қизиб кетишнинг олдини олади. Бу эса биноларнинг энергия самарадорлигини оширишга ва шаҳарларда “иссиқлик ороли” таъсирини камайтириш орқали ҳароратни пасайтиришга ёрдам беради.

Ушбу технология илмий тадқиқотлар билан тасдиқланган бўлиб, 5 та халқаро патент билан ҳимояланган ва бутун дунёда — шаҳар деворий тасвирларидан тортиб касалхона интерерларигача кенг қўлланилиб келинмоқда. IKEA, Nike ва Volkswagen каби машҳур брендлар Airlite бўёқларидан ўз лойиҳаларида фойдаланишади.

“Янги мурал санъат ва технологиянинг уйғунлиги орқали шаҳар муҳитини яхшилашга қаратилган замонавий шаҳарсозлик ёндашувини ифодалайди. Биз нафақат молиявий инновацияларни жорий этишга, балки мижозларимиз яшайдиган шаҳарларнинг барқарор ривожланишига ҳам ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз. Шунингдек, биз санъат ривожига эътибор қаратиб, истеъдодли ўзбекистонлик рассомни қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз. Ушбу лойиҳа корпоратив ижтимоий масъулият тамойилларимизни ва ижобий ўзгаришларга интилишимизни ўзида акс эттиради”, - дейди TBC Uzbekistan экотизими (TBC Bank, payme ва payme nasiya хизматларини ўз ичига олади) маркетинг директори Нодира Шерматова.