Жамият | 14:58 / 24.11.2021
13732
3 дақиқада ўқилади

“Мен аёлларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик илдизини қуритиш йўлидаги курашда сизнинг олдингизда бўламан” – Саида Мирзиёева

“Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши энг олдинги сафда курашаётган барча фидойи инсонларга чексиз миннатдорлигимни билдирмоқчиман”, – деди “Биргаликда зўравонликни енгамиз!” халқаро форумида иштирок этган Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева.

Фото: Telegram / Saida Mirziyoyeva

25 ноябрь куни ўз ишини бошлайдиган “Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол саъй-ҳаракатлар” кампанияси олдидан ўтказилган мазкур тадбир Ўзбекистон аёлларини ҳар қандай жабр-ситамдан ҳимоя қилишга ёрдамлашишни кўзлаган.

Унда Сенат раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия раиси Танзила Норбоева, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева, сенатор ва депутатлар, БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ю.Ю, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, бир қатор халқаро ташкилотлар мутасаддилари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳудудлардан тегишли соҳа вакиллари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, Ёшлар парламенти аъзолари қатнашди.

Фото: Telegram / Saida Mirziyoyeva

“Минг афсуски, гендер зўравонлик глобал муаммо. Биз жамиятда бундай жирканч зўравонликка ҳеч қандай ҳолатда ҳам кўз юмиб турмаймиз. Ўғил болаларга қиз болага нисбатан куч ишлатмаслик кераклигини сингдириш зарур”, – деди Мирзиёева форумдаги нутқида.

Шунингдек, Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси аъзоси юртимизда аёллар ҳуқуқларини таъминламасдан туриб ривожланган ва гуллаб-яшнаётган жамиятни қуриб бўлмаслигини таъкидлар экан, ўзининг ҳар доим аёллар томонда эканлигини маълум қилган: “Мен аёлларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик илдизини қуритиш йўлидаги курашда сизнинг олдингизда бўламан.

Ҳар қандай кўринишдаги зўравонликни инкор этадиган, унга тоқат қила олмайдиган муҳит яратиш лозим! Бунга фақат таълим ва оммавий ахборот воситалари ишини тўғри йўлга қўйиш билан эришса бўлади”, – деган у.

Мавзуга оид