Ўзбекистонда июл ойидан буён Twitter ва яна 4та интернет платформа блокланган ҳолда қолмоқда. 3 ноябрь куни Telegram ва бошқа энг оммабоп тармоқлар ҳам блокланди, бироқ президент аралашуви билан қисқа вақтда тақиқ ечилди.

Мазкур блоклаш операциялари қонун доирасида рўй бермоқда. Тегишли қонун моддасини бекор қилиш масаласи кун тартибида эмас.

Тармоқлар чекланиши айни соатларда ҳам давом этмоқда ва қонун амалда экан, чеклов доираси яна кенгайиши мумкин. Kun.uz бу борада IT соҳаси вакилларининг фикрлари билан қизиқди.

“Ижтимоий тармоқлар блокланиши кичик бизнесни асосий қувват манбайидан маҳрум қилади”

“Najot ta’lim” ўқув маркази асосчиси Темурбек Адҳамовга кўра, ижтимоий тармоқлар блокланса, кичик бизнеснинг реклама бериш имкониятлари фавқулодда камайиб кетади. Аҳолининг шахсий маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чиқарилган бу қонун VPN'лар туфайли тескарисига ишлаши мумкин.

Темурбек Адҳамов

“Айни вақтда кичик ва ўрта бизнеснинг мижозларни жалб қилиш қуввати ижтимоий тармоқларга боғланган. Агар ижтимоий тармоқлар блокланса, бизнес асосий қувватидан айрилади. Бизда реклама бериш учун ижтимоий тармоқларнинг муқобили бўлган телевидение ва газеталар бўлиши мумкин. Лекин, телевидение жуда қиммат, оддий тадбиркорлар уни кўтара олмайди. Газеталарда реклама беришнинг эса самарадорлиги жуда паст. Ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчиларни тавсия қилиш алгоритми ҳам тадбиркорларга жуда мос келади.

Бу тармоқлар блокланса, кичик ва ўрта бизнес тадбиркорлари ўз маҳсулоти борлигини реклама қилолмайди, натижада ишлаб чиқаришни камайтиради, хизмат кўрсатишда эса мижозлар камайиб кетади. Бу эса ўз-ўзидан иш ўрни ва солиқлар камаяди, дегани. Масалан, шахсан ўзим юритаётган ўқув марказидаги мижозларнинг 70 фоизи ижтимоий тармоқлар орқали келади, бу жуда арзон реклама.

Яна бир нарса, тармоқлар блоклангач, кўпчилик VPN орқали ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни бошлайди. Аксар фойдаланувчилар, лицензиясиз ва бепул VPN'лардан фойдаланади. Бу эса сизнинг маълумотларингиз учинчи шахслар томонидан ҳам кўрилади дегани. Энди тасаввур қилинг, давлат органларида ёки банкда ишлайдиган шахс VPN орқали ижтимоий тармоқларга киряпти…