Жамият | 16:05 / 25.11.2021
11807
2 дақиқада ўқилади

Нур-Султон шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон муфтийлари учрашди

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бугун, 25 ноябрь куни Нур-Султон шаҳрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай Тағанули билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, муфтий Нуриддин Холиқназаров Қозоғистонга «Мустақил Қозоғистон ва Ислом қадриятлари» номли халқаро анжуманда қатнашиш учун ташриф буюрган.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

«Учрашувда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик диний-маърифий жабҳада ҳам изчил ривожланиб, халқларимиз ўртасидаги биродарлик янада мустаҳкамланиб бораётгани, бу икки давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли ўзаро муносабатлар янги босқичга кўтарилгани алоҳида таъкидланди», – дейилади хабарда.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Қозоғистон муфтийлари икки давлат раҳбарларининг динга муҳаббатлари зиёдалиги боис Ислом маърифатини кенг таратиш бўйича катта саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганини эътироф этган.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Шунингдек, мулоқотдан сўнг муфтий Нуриддин Холиқназаров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси вакиллари Қозоғистон муфтийси ноиби Ўнгар Ершат Агибай ўғли ҳамроҳлигида Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси фаолияти билан танишди.

Жорий йилнинг 19 ноябрь куни муфтий Нуриддин Холиқназаров Қирғизистон муфтийси Замир Ракиев бошчилигида Ўзбекистонга ташриф буюрган уламолар билан учрашган эди.

Мавзуга оид