Жаҳон | 18:51 / 25.11.2021
2108
1 дақиқада ўқилади

Европада 5-11 ёшли болаларга мўлжалланган Pfizer вакцинасидан фойдаланиш тавсия қилинди

Европа регуляторининг маълумот беришича, болаларда ўтказилган клиник синовлар давомида вакцина 90,7 фоиз самарадорлик кўрсатган.

Фото: AFP via Getty Images

Европа дори воситалари агентлиги (EMA) Pfizer-BioNTech компанияларининг коронавирусга қарши 5-11 ёшли болаларга мўлжалланган вакцинасидан фойдаланишни тавсия этди.

“EMA дори воситалари қўмитаси 5-11 ёшдаги болаларга мўлжалланган Comirnaty вакцинасидан фойдаланишни тавсия қилди”, — дейилади EMA хабарномасида.

Қайд этилишича, бу ёш тоифасидаги болалар учун вакцина дозаси 10 микрограммни ташкил этади. У ҳам уч ҳафталик танаффус билан икки марта киритилади.

Европа регуляторининг маълумот беришича, болаларда ўтказилган клиник синовлар давомида вакцина 90,7 фоиз самарадорлик кўрсатган. Синовларда 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган 2 минг нафарга яқин бола қатнашган. 

Энди EMA дори воситалари қўмитаси ўз тавсияларини якуний қарор чиқариш учун Европа комиссиясига жўнатади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид