Монополияга қарши курашиш қўмитаси айрим ишлаб чиқарувчиларнинг ички бозордаги монопол мавқейи сақланиб қолаётгани сабаб биржа савдоларида майда ёки ўрта харидорлар имконияти чеклангани ҳақида маълумот берганди. Бунинг олдини олиш мақсадида биржадаги 16-24 ноябрь кунлари бўлган савдоларда бензин сотиб олувчи кунлик харидорлар сони бир неча баробарга оширилди.
Шунингдек, қўмита маълумотларига таянилса, 15 ноябрга нисбатан АИ-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача сотилиш нархлари 1 тоннаси 10 млн 129 минг сўмдан 8 млн 98 минг сўмгача пасайган ёки 20 фоизга арзонлашган. Бу албатта истеъмолчилар учун яхши янгилик.
Бир неча ойлик сукунатдан кейин уйғонган ва енг шимариб ишлашни бошлаган Антимонополия қўмитаси сўнгги 10 кунлик давр мобайнида расмий каналида ҳар кунлик биржадаги бензин нархлари борасида маълумотларни бериб боряпти. Аммо бу ҳолат аксарият ёнилғи қуйиш шохобчаларидаги нархларга таъсир қилаётгани йўқ ва янги муаммоларни юзага келтирмоқда. Бу – АИ-80 маркали бензин тақчиллиги.
Kun.uz мухбири «Ўзбекнефтгаз»га қарашли АЁҚШларга бориб, шу маркадаги бензин бор ёки йўқлигини ўрганди. Лекин 25 ноябрь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида жойлашган ва ҳолат ўрганилган ўнга яқин ёнилғи қуйиш шохобчаларининг бирортасида бу турдаги маҳсулот мавжуд эмаслиги маълум бўлди. АЁҚШдаги ишчи-ходимлар бу ҳолатни бензин камлиги ва берилмаётгани билан изоҳлашмоқда.
«Ўзбекнефтгаз»га қарашли АЁҚШларда АИ-80 маркали бензин бошқа ёнилғи қуйиш шохобчаларига нисбатан сезиларли фарқ билан арзонроқ сотилаётгани боис талаб юқори эди.
Kun.uz манбаларига кўра, тақчиллик юзага келишига Монополияга қарши кураш қўмитаси раиси Шоҳрух Шораҳметовнинг 16 ноябрь кунги алоҳида кўрсатмаси сабаб бўлаётган бўлиши мумкин (хат нусхаси таҳририятда мавжуд).
Кўрсатмада бир савдо сессиясида бир харидор томонидан харид қилинадиган бензин ҳажмларининг максимал миқдори қуйидаги шаклда белгиланган.
- 60 тонналик лотлар учун 120 тонна;
- 1 тонналик лотлар учун 10 тонна миқдорида.
















