Ўзбекистон | 07:25 / 27.11.2021
5676
1 дақиқада ўқилади

Шифохоналарда ЎРВИга чалинган болалар учун қўшимча 5 мингдан ортиқ ўрин-жой ташкил қилинди - ССВ

Жорий йил октябрь ойидан бошлаб мамлакатда болалар ўртасида ўткир респиратор вирусли инфекцияларнинг даврий кўтарилиши кузатилаётгани сабабли тиббиёт муассасаларига мурожаатлар ва “Тез ёрдам” хизматига чақириқлар сони сезиларли даражада ортди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, сўнгги кунлардаги ўрганишлар натижасида Тошкент шаҳар шифохоналарида қўшимча 884 та, мамлакат бўйича 5 062 та стационар ўрин-жой ташкил этилиб, 25 ноябрь ҳолатига кўра пойтахт шифохоналаридаги жами ўрин-жойлар 3 521 та, республика бўйича эса қарийб 19 800 тага етказилди.

Айни пайтда Тошкент шаҳар тиббиёт муассасаларида бўш ўринлар сони 661 та, республика бўйича 4 700 тани ташкил қилмоқда.

Болалар ўртасида ўткир респиратор касалликларнинг даврий кўтарилиши кузатилаётгани сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлигида ишчи гуруҳи тузилиб, 13 ноябрь тунда пойтахт шифохоналаридаги вазият ўрганилган ва Тошкент шаҳар тиббиёт муассасаларида болалар учун қўшимча ўрин-жойлар ташкил этилган эди.

Мавзуга оид