Ўзбекистон | 18:54 / 28.11.2021
15086
3 дақиқада ўқилади

63-мактаб раҳбариятига интизомий чора кўрилмаган — Самарқанд ХТБ

Фото: KUN.UZ

Самарқанд шаҳрида 13 ёшли ўқувчи қиз ҳомиладор бўлиб қолгани учун мактаб раҳбарияти жазоланмаган. Бу ҳақда вилоят ХТБ Kun.uz’да берилган мақола юзасидан билдирган муносабатида маълум қилган.

Самарқанд шаҳрида 13 ёшли ўқувчи қизнинг ҳомиладор бўлиб қолгани ҳақида Kun.uz’да «Яхшилаб ўрганамиз ва дуч келганни жазолаймиз» — Ҳомиладор ўқувчи қиз воқеасида кимларга чора кўриляпти?” сарлавҳаси билан мақола берилганди. Мақолада ҳодиса сабабли Халқ таълими мутасаддилари томонидан мактаб директори ва ўқитувчиларидан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздириб олингани танқид остига олинганди. Вилоят ХТБ мақола юзасидан билдирган муносабатда мактаб раҳбарияти жазоланмаганини маълум қилди.

Муносабатда қайд этилишича, 13 ёшли ўқувчининг ҳомиладор бўлиб қолгани оммага ошкор бўлган куннинг ўзида вилоят Халқ таълими бошқармаси, шаҳар Халқ таълими бўлими ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан иборат ишчи гуруҳ аъзолари вазиятга аниқлик киритиш мақсадида дастлабки ўрганиш ишларини олиб борган. 

Ўрганиш давомида мактаб директори ва педагоглар жамоаси билан суҳбат ўтказилган. Уларга ҳолат бўйича тегишли ҳуқуқ-тартибот органлари суриштирув ишлари олиб бораётгани тушунтирилган.

“Шу ўринда бугунги кунга қадар  мактаб раҳбариятига нисбатан интизомий чора кўрилмагани маълум қилинади”, дейилади муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 13 ёшли қиз билан муттасил жинсий алоқа қилиб келган Ф.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид