Лиссабондаги абсурд

Аввалига Португалия чемпионатининг 12-тури доирасида «Белененсеш» — «Бенфика» ўйини ҳеч қайси жиҳати билан эътиборни ўзига қаратмаётганди. Аутсайдер турнир етакчиларидан бирини қабул қилди — бу ҳар турда кузатиладиган ҳолат.

Аммо жума куни «Белененсеш»да ковид билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлди. Футболчиларнинг 13 нафари, бош мураббий Филипе Кандиду, унинг ассистентлари ва клубнинг икки ходими ўзини иҳоталаш учун юборилди. Record газетаси маълумотига кўра, клубдагилар марказий ҳимоячи Тхибанга Пхете коронавируснинг янги штаммини юқтириб олган бўлиши мумкин (ноябрда ЖАР терма жамоасининг ушбу футболчиси ватанида бўлиб қайтди, бу мамлакатда ковиднинг янги мутацияси — «омикрон» авж олган). Шу туфайли клуб вакиллари ёппасига карантинга кетишди.

Ушбу ҳолат туфайли клуб навбатдаги тур ўйинига тўққиз футболчи топа олди, шундан икки нафари дарвозабон эди. «Белененсеш»нинг биратўла олти футболчиси шанба куни чемпионатда дебют қилди, таркибнинг ўртача ёши тахминан 21 эди. 20 ёшли дарвозабон Жоау Монтейру ўнг қанот ҳимоясида ҳаракатланишига тўғри келди.

«Бенфика» эса асосий таркибни туширди ва 24-сониядаёқ ҳисобни очди — «Белененсеш» ҳимоячиларидан бири ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди. Бўлим давомида меҳмонлар етти гол уришди, «Бенфика»нинг уругвайлик форварди Дарвин Нуньес ҳет-трик расмийлаштирди.

Танаффус вақтида камералар «Белененсеш» президенти Руй Педру Соарешни намойиш этди, у трибуналар ости ҳудудига кўзда ёш билан чиқиб кетди.

Жамоа узоқ вақт танаффусдан қайтмади — «Бенфика» майдонга чиқиб келиб, чигалёзди машғулотларига киришгач, арбитр «Белененсеш» кийим алмаштириш хонасига борганида мезбон клуб футболчилари майдонга чиқишдан бош тортаётгани маълум бўлди. Лекин улар барибир 20 дақиқалик кечикиш билан майдонга қайтишди, аммо — етти киши бўлиб. Арбитр ўйинни давом эттириш учун ҳуштак чалди, «Белененсеш» футболчиларидан бири эса тўпни майдон ташқарисига тепиб юборди ва газонга ётиб олди — у ҳакамга ўйнай олмаслиги ҳақида ишора қилди.

Ассистентлар билан маслаҳатлашган арбитр ўйинни тўхтатди. Футбол қоидаларига кўра, жамоалардан бирининг таркибидаги футболчилар сони 7 нафардан кам бўлса, ўйинни давом эттириш мумкин эмас. Энди «Белененсеш»га техник мағлубият ёзилади.

Англия: Рамсдейл яна қаҳрамон