Ёсин Одил Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида яшайди. У август ойида Kun.uz'га берган интервюсида “Толибон” ҳокимиятга келиши сабаб қизларининг тақдиридан хавотирда экани ҳақида сўзлаб берганди. “Қизларимни яшириб ўтирибман, ёзуғимиз нима, билмайман”, деганди ўшанда у. Орадан уч ой ўтиб, ҳозирги вазият ҳақида билиш учун яна Кобул билан боғландик.

— Ёсин ака, ўтган галги суҳбатимизда қизларингизни кўчага чиқармай яшириб ўтирганингиз, онангиз оғир аҳволда эканини айтгандингиз.

— Қизларимни бошқа вилоятга олиб бориб қўйдим, тез-тез хабар олиб турибман, Худога шукр, анча хотиржам бўлдим бу масалада. Лекин онамнинг аҳволи оғир, тез-тез комага тушиб қоляпти, кексаликда... Мен ўзим Аллоҳга таваккал қилиб Кобулда, онамнинг ёнида ўтирибман. Афсуски, ниятимизга ета олмадик, бирор хорижий давлатга чиқолмадик.

Фото: Ёсин Одил

— Кобулдаги бугунги вазият ҳақида гапирсангиз.

— Бир жиҳатга шукр қиламан – худкушлар сезиларли камайди. Олдин кўчада ўзини сал бошқача тутган одамнинг олдидан қочардик, баъзан ҳар соатда портлашлар эшитилиб турарди. Бугун шу ҳолат йўқ, бу жиҳатдан хотиржаммиз. Лекин кўчаларда ўғри-киссовурлар ҳаддан ортиқ кўпайди. Бир томондан ҳуқуқ-тартибот органлари ҳали тўлақонли ишлай олмаётган бўлса, иккинчи томондан иложсизлик, қашшоқлик ва ҳатто очлик одамларни шунга мажбур қилмоқда.

Фото: Ёсин Одил

— Мана шу нуқтада кенгроқ тўхталсангиз. Бугунги нарх-наво қанақа, афғоний курси бўйича вазият-чи?

— Афсуски, вазият жиддий. Бундан 4 ой аввал долларга нисбатан афғоний курси 65-67 атрофида бўлган бўлса, бугун бу кўрсаткич 100 га яқинлашиб қолди ва ошишда давом этяпти. Нарх-наво ҳам кескин юқорилаяпти. Бир кило гўшт 350 афғоний эди, ҳозир 500 атрофида. Олдин 250 граммлик нонни 10 афғонийга олган бўлсак, бугун аксарият нонвойлар вазиятдан чиқишнинг антиқа усулини қўллашяпти – нарх ўша-ўша, лекин вазн 120 граммга тушди.

— Бензин-чи?

— Ёнилғи ошмай қолармиди?! 4 ой аввал 50 афғонийдан сотилган бензиннинг баҳоси бугун 80га чиқди. Умуман, энг зарур маҳсулотлар нархи камида 30 фоиздан икки баробаргача ошиб кетди.