— Муқимжон ака, Ўзбекистонда бугун ҳам давлат хизматининг жозибадор эмаслиги оғир муаммо. Унга деярли кўп ҳолатда ОТМни “3”га битирганлар боради. Кучли кадрлар ё хусусий секторга кетади, ё чет элга. Ёки магистратурадаги ўқишини давом эттиради.

Сизнингча, муаммо юқори раҳбариятда қанчалик тушуниляпти? Шунингдек, давлат хизматларига ҳақиқатда кучли кадрларни жалб қилиш борасида қандай ташаббуслар қилиниши зарур?

 Давлат хизмати шундай бир соҳаки, у кимгадир жозибадор, кимгадир жозибасиз. Бу ҳолат, албатта, давлат хизматини тури, ундаги давлат хизматчисининг касбий ва интеллектуал даражасига боғлиқ. Тўғри, давлат хизматида ОТМда “3” баҳога ўқиган давлат хизматчиларини ҳам учратиш мумкин. Маълумки, ҳокимиятга интилиш инсоннинг ўз аҳамияти ва қадриятларини рўёбга чиқариш эҳтиёжларидан келиб чиқади. Шу билан бирга, тарихдан маълум, кўплаб даҳолар ҳокимиятга интилиб ва уни тасарруф этиб жаҳонга машҳур бўлган. Таниқли психолог олимлар Зигмунд Фрейд ва Эрих Фроммлар фикрича, кўпинча инсонлар ўз норасолигини тўлдириш (компенсациялаш) мақсадида ҳокимиятга интилади.

Демак, ҳокимиятга интилиш икки хил хулққа эга бўлган инсонлар учун хос. Трансформация жараёнидаги жамиятларда норасо одамларнинг ҳокимиятни эгаллаши учун қулай муҳитлар яратилади. Зиёли, интеллектуаллик даражаси юқори бўлган инсонлар қадриятларга кучли даражада берилгани учун ҳокимиятга интилишни ўзининг олий мақсади деб билмайди. Шу туфайли, бу бўшлиқни баъзан норасо инсонлар тўлдиришга интилади.

Қолаверса, ўтиш даврини ўз бошидан кечираётган мамлакатларда давлат хизматида шахсларнинг карьера қилиш истиқболи анча мавҳум бўлгани, бошқарув механизмлари ва сиёсий тизим тўлиқ такомиллашмагани учун ҳам ҳокимиятга интилиш кўпчиликни, айниқса зиёлиларни унчалик қизиқтирмайди. Лекин ҳокимият зиёли ва интеллектуал шахслар қўлида бўлмаса, унинг самараси кам бўлади, жамият ва давлат ривожланиши секинлашади. Шунинг учун Фридрих фон Хайек ўзининг “Қуллик сари йўл” асарида “ҳокимият интеллектуаллик билан уйғунлашмаса, нафақат демократияни, балки адолатни ҳам амалга ошириб бўлмайди”, деб ёзганида минг бора ҳақ эди.

Афсуски, ҳозир ҳам анчагина ташкилотлар, корхоналар ва таълим масканлари раҳбарлари авторитар бошқарув усулларидан фойдаланади. Улар юқори бошқарув органларига “юмшоқ супургидек” кўринишга уринади, юқорига “қулдек садоқатини”ни компенсация қилиш учун ўз қўли остидагилар ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилади, ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилотни гўёки ўз отасидан қолган меросдай ҳис қилади. Бошқача айтганда, хулқи тушкунликка учраган мансабдор шахс яккаҳокимлик бошқарув усули воситасида ўз руҳиятини яхшилашга уринади.

Албатта, давлат хизматига кадрларни ишга олишда ривожланган давлатлар тажрибасини қўллаш лозим, деб ўйлайман. Масалан Европа Иттифоқида (ЕИ) юқори лавозимга кадрлар олиш тестлар, имтиҳонлар, суҳбатлар воситасида амалга оширилади. Шунингдек, давлат хизмати кадрлари воситачи ташкилотлар – зарур бўлган мутахассисларни танлаш билан шуғулланадиган агентликлар воситасида ҳам амалга оширилади. Айниқса, ҳукумат даражасидаги лавозимларга ишга олишда анъаналар ва янги шакллар пайдо бўлди. ЕИда давлат хизматчиларини ёллашнинг иккита принципи шаклланди: