Қорабоғлонда жами 250 та хонадон бор. Уларга 70-йилларда ўрнатилган 100 киловолт амперли битта трансформатор хизмат кўрсатади. Юклама ошиб кетгани учун эски трансформатор тез-тез ёнади, баъзида туташувлар бўлиб ишдан чиқади.

Жорий йил февралда қишлоқдаги ҳар бир хонадондан 150 минг сўмдан пул йиғиб қарийб 30 миллион сўмга янги трансформатор сотиб олинган. Ана шу трансформатор туман ЭТК томонидан ҳанузгача тармоққа улаб берилмаяпти.

Бетон устунлар май ойида олиб келинган, августда жойига ўрнатилган. Ўшанда одамлар тракторнинг соляркасини пул йиғиб олиб беришган. Энди 2 100 метр сим керак. Туман ЭТК вилоят омборларида сим йўқлигини айтмоқда.

Қишлоқ аҳли кунлар совигач ҳар куни хавотирда яшаётганларини, қишлоқдаги эски трансформатор исталган вақтда яна портлаб кетиши мумкинлигини айтишди.

“Сўнгги ўн йилда эски трансформатор кўп марта ёниб кетди. Бир неча марта портлади. Ҳар сафар ўзимиз пул йиғиб тузаттирамиз. Ўтган йил кузда портлаганда одамлардан пул йиғиб 14 миллион сўмга Самарқандда таъмирлатиб келдик. Ҳозир кунлар совиб эски трансформаторга юклама ошган. Агар яна портласа, одамлардан пул йиғиб таъмирлатиш керак бўлади. Ҳозир одамларга ҳам осон эмас”, дейишди қишлоқ аҳли.

Қорабоғлондаги симёғочларнинг ярмидан кўпи қўлбола усулда ўрнатилган. Ўтган асрнинг 70-йилларида қишлоққа трансформатор ва симёғочлар ўрнатилган, шундан кейин электр инфратузилмаси бўйича айтарли иш қилинмаган. Янги ҳовли қилиб чиққанлар қўлбола симёғоч ясаб, тармоқни ўзи тортиб кетаверган.

Қорабоғлондаги ҳолат бўйича Ургут ЭТК бош муҳандиси Неъмат Тўхтамишевдан изоҳ олдик. Унинг айтишича, Қорабоғлонда аҳоли сотиб олган трансформаторни тармоққа улаш ишларининг кечикиб кетганига “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” АЖ омборхоналаридан турли маҳсулотларни олиш қийин бўлгани сабаб бўлган.

“Қорабоғлонда устунлар ўрнатилган. Фақат сим тортиб тармоққа улаб берсак, муаммо ҳал бўлади. Аммо ўша сим топилмаяпти. Бир неча марта “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг омборларига бордим, сим йўқ. Омборларга сим келгандан қорабоғлонликларнинг трансформаторини тармоққа улаб берамиз”,