Иқтисодиёт | 14:40 / 03.12.2021
12770
3 дақиқада ўқилади

Янги тизимлар борасида тадбиркорлар хавотири: ДСҚ нима дейди?

Солиқ қўмитаси янги электрон тизимлар борасида тадбиркорларда хавотирлар туғилаётгани туфайли янги ахборот тизимлари ҳақида тушунтириш берди.

Давлат солиқ қўмитаси янги ахборот тизимлари борасида тадбиркорларнинг хавотири юзасидан муносабат билдирди.

“Бир вақтнинг ўзида бир нечта ахборот-таҳлилий тизимларни жорий этишга тайёргарлик кўрилаётгани, уларни жорий этиш муддатларининг қисқалиги, шунингдек, тизимлардаги камчиликлар сабабли тадбиркорлик субъектларида хавотир пайдо бўлмоқда.

Барча ахборот-таҳлил тизимлари мақсадли гуруҳлари ва иқтисодиёт тармоқлари (шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик) вакиллари билан биргаликда қайта ишлаб чиқишни инобатга олган ҳолда босқичма-босқич ишга туширилишини маълум қиламиз”, — дейилади расмий хабарда.

ДСҚ 3та янги электрон тизим ҳақида маълумот берди.

E-aktiv тизими: бугунги кунга келиб дастур модели ишлаб чиқилган. Биринчи босқичда у фақат кирувчи ва чиқувчи товарлар оқимини ҳисобга олишга қаратилади (ЭҲФ ва БЮД асосида автоматик равишда);

МХИК: ўлчов бирликларини МХИКка бириктириш ҳам 2022 йил 10 январдан бозор иштирокчилари билан муҳокама натижаларидан сўнг товарлар гуруҳи бўйича босқичма-босқич бошланади (қўшимча маълумотлар эълон қилинади);

ҚҚС гувоҳномаси: бугунги кунда тизим тест режимида ишламоқда ва давлат органларининг бошқа ахборот тизимлари билан солиштирилмоқда.

Қўмита тадбиркорлардан шу ва бошқа ахборот тизимлари ишлаб чиқарилиб, тест режимида ишга туширилгандан сўнг улардаги камчиликлар ҳақида хабар беришни, шунингдек, таклифларини юборишни сўраган.

Шунингдек, хабарда қуйидагилар маълум қилинган:

  • ЭҲФни шакллантиришда юзага келган қийинчиликлар туфайли ноябр ойи учун ЭҲФ тақдим этиш муддати 2021 йил 20 декабрга қадар узайтирилди;
  • амалдаги қонунчиликда тегишли МХИКларнинг ЭҲФда нотўғри акс эттирилгани учун жавобгарлик назарда тутилмаган. Бунда сайёр солиқ текширувлари МХИКларга эмас, балки аввалгидек ЭҲФда кўрсатилган товарларнинг ўзига хосликларини ҳисобга олган ҳолда таҳлил қилишга асосланади.

Аввалроқ, ҚҚС тўламаслик хавфини аниқлаштирувчи инструмент ишга туширилиши маълум қилинганди. Янги инструмент 2022 йил бошидан ишга тушади.

Эслатиб ўтамиз, ДСҚ раиси E-aktiv атрофидаги муҳокамаларга муносабат билдириб, янги тизимга қарши чиқаётганлар ноҳалол тадбиркорлар манфаатини кўзлаганини айтганди.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид