Жаҳон | 14:44 / 04.12.2021
16771
1 дақиқада ўқилади

АҚШ разведкаси Россия Украинага 2022 йил бошида бостириб киришини тахмин қилди

Разведка маълумотларига кўра, қўшни давлатга бостириб киришга 175 минг нафарга яқин ҳарбий жалб этилади, уларнинг ярми ҳозирда Украина билан чегарада турибди.

Фото: Picture Alliance

Россия 2022 йилнинг дастлабки ҳафтасида Украинага ҳужум қилишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда The Associated Press (AP) ва The Washington Post АҚШ разведкасидаги манбаларига таяниб хабар берди.

Разведка маълумотларига кўра, қўшни давлатга бостириб киришга 175 минг нафарга яқин ҳарбий жалб этилади, уларнинг ярми ҳозирда Украина билан чегарада турибди.

Қайд этилишича, яқин вақт ичида Россия Украина чегарасига зирҳли техника, артиллерия ва бошқа техникалар билан бирга 100 та тактик батальон гуруҳини жойлаштиришга тайёрланмоқда.

Аввалроқ Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов Россия январь охири ёки февраль бошларида ҳужум бошлашини айтганди.

Ноябрь охирида Россия президенти Владимир Путин Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақидаги саволга жавоб берганди.

Унинг сўзларига кўра, халқаро муносабатларда барча иштирокчиларнинг манфаатлари ҳисобга олинса, «ҳаммаси яхши бўлади».

Мавзуга оид