“Ҳозирда ҳеч кимга сир эмаски, Ўзбекистон – ҳайдовчилик ҳуқуқини олиш энг осон бўлган давлатлардан бири. Бу осонлик кўпроқ коррупция устига қурилган тизим туфайли. Бу худди институтга кирган ҳар бир талаба ўқиса ҳам, ўқимаса ҳам якунда албатта диплом олишига ўхшайди. Имтиҳонга кирганлар якунда албатта ҳайдовчилик гувоҳномасини олади, ҳайдашни билган ёки билмаганидан қатъи назар.

Бу эса имтиҳонГАЧА ва имтиҳондан КЕЙИНги қуйидаги салбий оқибатларни келтириб чиқаради:

Имтиҳонгача – автомактабларнинг асосий рақобати сифат учун эмас, фақат нарх ва одатда ГАИ билан “ўртакашлик”ка қараб шаклланган.

Имтиҳондан кейин – малакасиз ҳайдовчилар туфайли йўлларда автоҳалокатлар ва асаббузарликлар кўп.

Агар ҳайдовчилик имтиҳонлари шаффоф ва коррупциядан холи бўлса, яъни пул ёки таниш-билиш орқали “права” олишни имкони бўлмаса, автомактаблар бозори сифат босқичига чиқади. Энди автомактаблар қанчалик “решала” эканлиги билан эмас, балки ўқувчиларини қанчалик яхши ўқитиб, имтиҳондан ўтказаётгани билан мақтанишни бошлайдилар. Бу эса ўз-ўзидан йўлларда малакали ва маданиятли ҳайдовчилар сони кўпайишига олиб келади.

Хавотирлар нимада?

Энг қизиғи хабар сўнгида ЙҲХББ автомактаблар маъмуриятига мурожаат қилиб, ўз ўқувчиларига йўл ҳаракати қоидаларини пухта ўргатиб, ҳайдовчилик ҳуқуқини олиш масаласига масъулият билан жиддий эътибор қаратишларини сўради. Нега бўлғуси ҳайдовчиларга эмас, айнан автомактабларга мурожаат қилинди?

Сабаби оддий.

Агар имтиҳон тизими шаффофлашса, ўз-ўзидан жуда кўпчилик имтиҳондан йиқилишни бошлайди. Хориждаги танишларимиздан кўп эшитганмиз, агар етарли малакаси бўлмаса, керак бўлса 10 марталаб имтиҳон топширади, арзимаган хатолар учун ҳам йиқилади.

Энди тасаввур қилинг, бизда ҳам оммавий имтиҳондан йиқилишлар бошланса, аҳолининг катта эътирози автомактабларга қаратилади. Яхши ўқитмаганлигидан, ёки бошидаги "ваъдалари" бажарилмаганидан шикоят қилишади. Натижада янги имтиҳон марказларига нисбатан “аввалги тизим яхши эди” деган мазмунда турли провокациялар ҳам бўлиши мумкин. Чунки сифатли ўқитиш осон ва арзон эмас, айримларга ундан кўра аввалгидек келишиб яшаган маъқул кўринади.

Шу сабабли ЙҲХББ автомактабларни олдиндан огоҳлантирмоқда: ўқувчиларни ҳозирда яхшилаб ўқит, эртага қийналиб юрма, дегандек.

Лекин бир нарса аниқки, бу каби шаффоф тизим ҳақиқий автомактаб ва фидойи автоинструкторларга катта фойда олиб келади. Чунки имтиҳонда фақат билим талаб қилинишни бошлагандан кейин, уларнинг обрўси ошиб кетади, бозорда талаб ошади.