Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга давлат ташрифи муносабати билан “Казахстанская правда” нашрига катта интервю берди.
Давлат раҳбари интервюда Қозоғистон ва Ўзбекистон муносабатлари, Марказий Осиё давлатларининг сиёсий яқинлашуви, Орол муаммоси ва Афғонистондаги вазият ҳақида фикр билдирди.
Kun.uz ушбу интервюни баъзи қисқартиришлар билан тақдим қилади.
Қозоғистонга ташрифдан кутилаётган натижалар ва мақсадлар ҳақида
— Ташриф кун тартибидан сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш, турли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, маданий-гуманитар ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари ўрин олган.
Шу билан бирга, умумий чақириқ ва таҳдидларга қарши курашишда шерикликни мустаҳкамлашга оид муҳим ҳужжатлар қабул қилинади.
Ўзбекистон–Қозоғистон иқтисодий ҳамкорлиги ҳақида
— Ўзбекистон ва Қозоғистон табиий иқтисодий шериклар эканини, иқтисодиётларимиз бир-бирини тўлдиришини алоҳида таъкидламоқчиман. Мамлакатларимиз ўзаро талаб қилинадиган маҳсулотлар тури ва ҳажмини сезиларли даражада кенгайтириш учун етарли салоҳиятга эга.
Жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 40 фоизга ошди ва йил охирига қадар 4 миллиард долларга етиши кутилмоқда – бу савдо алоқаларимиз учун рекорд кўрсаткичдир. Аммо бу реал чегарадан анча узоқ. Икки давлат иқтисодиётининг салоҳиятини инобатга олган ҳолда, келажакда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказишни дадил мақсад қилиб қўйишимиз керак.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 1000 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда.
Икки йилдан ортиқ вақтдан бери мамлакатимизда Қозоғистон Тенге банки фаолият юритиб, ҳудудларда ўз филиаллари тармоғини кенгайтирмоқда.
Мамлакатларимизнинг геостратегик позициясидан келиб чиққан ҳолда транспорт-логистика соҳаси ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Гап Учқудуқ – Қизилўрда темир йўли қурилиши, шунингдек, Туркистон ва Тошкент ўртасида тезюрар қатнов йўлга қўйилиши каби муҳим лойиҳалар ҳақида бормоқда.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда темир йўл ва автомобил юкларини ташиш ҳажми сезиларли даражада ошди. Ҳаво қатнови тўлиқ тикланди.















