Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом этди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон стратегик шериклиги ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашнинг истиқболларини атрофлича муҳокама қилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, қўшма кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, транзит ва логистика, энергетика, сув ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги қўшма саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш масалаларига устувор аҳамият қаратилди. Ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувларни жадаллаштириш чоралари кўриб чиқилди.
Шунингдек, глобал ва минтақа кун тартибида турган ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон икки халқ ўртасидаги самимий биродарлик муносабатларини юксак қадрлашини таъкидлади.
«Бугун тарихий қарор қабул қиляпмиз, ҳамкорлигимизни иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтаряпмиз. Кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва кенг кўламли шерикликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги интилишимиз қатъий. Бунинг учун барча имконият ва ресурсларни ишга соламиз, Мақсадимиз – биродар халқларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлигини аниқ мазмун билан бойитиш», – деди Шавкат Мирзиёев.
Икки мамлакат етакчилари стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикасининг Давлатлараро Олий Кенгаши, Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши ва Ташқи ишлар вазирлари кенгашини таъсис этишга келишиб олди.
Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг янги «ўсиш нуқталари», устувор йўналишлари ва муҳим вазифалари белгилаб олинди.
«Учинчи мамлакатлардан импорт қилинаётган маҳсулотлар ўрнини босиш орқали зарур маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш номенклатураси ва ҳажмини салмоқли даражада кенгайтириш учун катта салоҳият мавжуд. Товар айирбошлаш миқдори жадал суръатда ошаётгани ҳам бунинг тасдиғидир. Жорий йилда бу кўрсаткич рекорд даража – 4 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Ушбу кўрсаткични яқин беш йилда ўн миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Шу мақсадда томонлар тегишли «йўл харитаси»ни қабул қилиш, улгуржи-тақсимлаш марказлари ва қўшма агрокластерларни ривожлантиришга келишиб олдилар.

















