Ўзбекистон | 12:38 / 06.12.2021
8645
2 дақиқада ўқилади

Хорижий тиктокерларнинг Humo Arena’да режалаштирилган концерти ўтказилмайдиган бўлди

Жорий йил 25 декабр куни хорижий тиктокерларнинг Humo Arena’да режалаштирилган концерти ўтказилмайдиган бўлди. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги матбуот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров маълум қилди.

Фото: Kun.uz

«Ижтимоий тармоқларда Humo муз саройида хорижий тиктокерлар иштирокида концерт бўлиб ўтиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди ва жамоатчиликнинг кескин норозилигига учради.

Мазкур вазият бўйича ўрганишлар олиб бордик ва концерт бекор қилинганини маълум қиламиз.

Humo Arena масъулларининг маълумот беришича, айнан шу куни саройда бошқа тадбир ўтказилади», – деб ёзди у Telegram-каналида.

Шунингдек, ташкилот матбуот котибининг Kun.uz мухбири саволига жавобан қўшимча қилишича, концерт дастури қозоғистонлик тадбиркорлар ташаббуси ва маблағи эвазига ўтказилиши керак бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 28 ноябрь куни айрим янгиликлар сайтида машҳур тиктокерлар иштирокида Тошкентдаги Humo муз саройида фестивал ўтказилиши ҳақида реклама эълони жойланганди.

Хабарда фестивал шу йилнинг 25 декабр куни бўлиб ўтиши ва унда Даня Милохин, Артур Бабич, Егор Шип, Анет Саи, Ваня Дмитриенко ва Аня Покров каби тиктокерлар чиқиш қилиши маълум қилинган. Фестивалга кириш чиптаси нархлари эса 100 000 сўмдан 750 000 сўмгача дея кўрсатилган.

Хабар эълон қилинаркан, у оммавий мулоқот тармоқларида кескин эътирозли муносабатларга сабаб бўлиб келаётганди. Бунга тармоқ кузатувчилари фестивалда иштироки кутилаётган айрим тиктокерларнинг ўзи юритадиган саҳифаларда миллий менталитетга зид келувчи жиҳатларни тарғиб қилишини кўрсатган.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид