7 декабрь куни соат 03:57да Сурхондарё вилояти Денов шаҳри марказида жойлашган «Indenim» (собиқ «Юбилейний») савдо мажмуасида кучли портлаш содир бўлди.

Ҳодиса оқибатида камида 9 киши тан жароҳати олган, 2 киши вафот этган.

Ҳодиса жойига бош вазир биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси сафарбар этилган, ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирча бошқа тафсилотлар маълум қилинмади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратлар ва видеохабарларда портлаш жуда кучли бўлгани, мажмуа яроқсиз аҳволга келгани, портлаш кучи унинг атрофидаги бошқа турар жой ва маъмурий биноларга ҳам зарар етказганини кўриш мумкин.

4 декабрь куни Индонезиянинг Ява оролидаги Семеру вулқони отилишни бошлади. Вулқон яқинида жойлашган 11 қишлоқ, жумладан, Сумбер Вулух қалин кул ва вулқон чанги остида қолди. Ҳудуддаги аччиқ тутун, электр энергияси йўқлиги ва тропик ёмғир қидирув-қутқарув ишларига тўсқинлик қилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, вулқон отилиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 34 кишига етди, 17 киши бедарак йўқолган, юзлаб кишилар турли даражада жароҳат олган, хавфли ҳудудлардан минглаб кишилар эвакуация қилинган.