Ўзбекистон | 08:09 / 08.12.2021
3437
3 дақиқада ўқилади

Риштонда Кулолчилик маркази ташкил этилади

Фото: Kun.uz

Президентнинг “Фарғона вилояти Риштон туманида ҳунармандчиликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ҳунарманд” уюшмаси ва Фарғона вилояти ҳокимликларининг Риштон тумани “Тўда” ММТП ҳудудидаги 0,85 гектар суғориладиган экин ер майдонида ҳамда “Оқ ер” МФЙ ҳудудида жойлашган Риштон Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумининг 0,50 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер майдонларида Кулолчилик марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Фарғона вилояти ҳокимлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:

  • Фарғона вилояти Риштон тумани Фарғона-Қўқон автомагистрал йўл ёқасида жойлашган “Тўда” ММТП ҳудуди тупроқ харитасининг 395к-контуридаги 0,85 гектар суғориладиган экин ерини ер фондининг қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерлар тоифасига ўтказилишини ва Ўзбекистон ер фондига тегишли ўзгартиришлар киритилишини;
  • қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда фойдаланиш учун олиб қўйиладиган суғориладиган ерлар учун компенсация тўлови (қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари) тадбиркорлик субъектлари томонидан қопланишини;
  • Риштон тумани “Тўда” ММТП ҳудудидаги 0,85 гектар майдонни белгиланган тартибда захирага қабул қилиш ва кулолчилик марказини ташкил этиш учун белгиланган тартибда ажратиб берилишини;
  • илғор хорижий тажрибалар асосида марказ ташкил этилиши ва уни замонавий талаблар асосида лойиҳалаштириш ва қуриш ишлари бошланишини таъминлайди.

Белгилаб қўйилишича, биринчи навбатда Риштон туманидаги уй хўжалигида фаолият юритаётган ташаббускорларга миллий кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш учун ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали берилади. 

Ташаббускорларга қуйидаги шартлар асосида берилади: миллий кулолчилик объектларини ташкил этиш, шунингдек, миллий кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, савдо дўконлари, ишлаб чиқариш устахоналарини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан бизнес-режа ёки техник-иқтисодий асосга эга эканлиги; юқоридаги фаолиятни юритиш учун зарурий кўникма, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид