Жаҳон | 16:30 / 10.12.2021
11146
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Жулиан Ассанжни экстрадиция қилиш бўйича судда ютиб чиқди

Фото: Reuters

АҚШ австралиялик журналист ва Wikileaks асосчиси Жулиан Ассанжни экстрадиция қилиш бўйича Лондон Олий судидаги ишни ютиб чиқди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

«Суд аппеляция аризасини қаноатлантирди», деди судя Тимоти Холройд. Унинг айтишича, АҚШ Британия ҳукуматига Ассанжни ушлаб туриш шартлари жамланган махсус ҳужжатлар пакетини тақдим этган.

50 ёшли Ассанж 18 та пункт бўйича айбланмоқда. АҚШ илгари сураётган айбловлар бўйича Ассанж 175 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Жорий йил январ ойида Лондон суди АҚШ томонининг Ассанжни экстрадиция қилиш бўйича айбловини рад этган. Суд ҳайъати Ассанж АҚШда ёмон шароитда ва босим остида сақланса, ўз жонига қасд қилиши мумкин деган хулосага келган. Бу галги судда эса АҚШ ҳукумати вакиллари Ассанж мамлакатда ёмон шароитда сақланмаслигига ишонтирувчи далиллар тақдим этган.

Жулиан Ассанжга 2012 йилда АҚШ ҳукумати томонидан ҳукумат компютерлари, тизимларига бузиб кириш ва жосуслик бўйича айблов эълон қилганди. Ассанж хусусан, Марказий разведка бюроси ва Миллий хавфсизлик агентлиги компютерларига бузиб кирганликда айбланади.

Ассанж Лондондаги Белмарш қамоқхонасида сақланаётганди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид