17:06 / 10.12.2021
23061

Фото: Деновдаги савдо мажмуаси бузиб ташланди

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида 7 декабрь куни содир бўлган портлашдан энг кўп зарар кўрган “Инденим” савдо маркази бузиб ташланди, деб хабар бермоқда айни пайтда воқеа жойида суриштирув олиб бораётган Kun.uz мухбири.

8 декабрь куни Денов тумани ҳокимлигида ташкил этилган матбуот анжуманида ҳукумат комиссияси аъзоси – ФВВ Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Ўлмас Музаффаров ҳодиса оқибатида “Инденим” савдо мажмуаси жойлашган бинонинг асосий юк кўтарувчи вертикал конструкциялари жойида тургани, фақатгина тўсувчи деворларига зиён етганини таъкидлаганди.

“Савдо марказининг икки қаватли биноси ҳам сейсмик, ҳам ёнғин хавфсизлиги нуқтайи назардан мустаҳкам қилиб қурилган. Газ ва ҳаво чақнашидан сўнг ҳам унинг асосий юк кўтарувчи вертикал конструкциялари жойида турибди, тўсувчи деворларига зиён етган.

Айни пайтда ҳодиса жойида ишчи гуруҳ томонидан вилоят ҳокимлигининг кўмагида чақнаш натижасида яроқсиз ҳолга келган қурилиш конструкциялари чиқариб ташланмоқда. Бу ишларга асосан ФВВдан, ички ишлар органларидан, Миллий гвардия ва бошқа тегишли хизматлардан ҳарбий хизматчилар ва қутқарувчилар жалб этилган”, деб айтган Ўлмас Музаффаров.

Бироқ матбуот анжуманида масъуллар савдо маркази қисқа фурсат ичида бузиб ташланиши кутилаётгани ҳақида лом-мим демаган.

Kun.uz мухбири томонидан воқеа жойидан юборилган видео ҳамда суратларда бинони бузиш ишлари 9 декабрь куни бошлангани, 10 декабрга келиб бино буткул бузиб ташланганини кўриш мумкин.

Шунингдек, суратларда савдо марказида содир бўлган портлаш ён-атрофдаги бинолар, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли турар жойларига қанчалик зарар етказганини кўриш мумкин.

Top