Ўзбекистонда футбол мавсуми расман якунига етиб, Про лигадан Суперлигага «Нефтчи», «Динамо», «Олимпик», элитадан эса «Турон», «Андижон» ва «Машъал» қуйи лигага равона бўлди. Одатда, Ўзбекистон чемпионатида молиявий жиҳатдан энг кам бюджетли клуб охир-оқибат энг кучсиз сифатида омадсиз чипта соҳибига айланар, қуйи лигадан эса энг пулдор жамоа олий табақага йўл оларди. 2021 йилги мавсумда бу анъана қисман бузилди, дейишга асослар етарли.
Молиявий барқарорлик – лигада қолиш гарови эмас
Ҳа, худди шундай. Ўзбек футболининг сўнгги декадаси ёки 20 йиллик тарихини титкиланг, пули бор клуб Олий лигадан тушиб қолган эмас – камида «премия»дан воз кечиш эвазига ёрдам қўлини чўзишга доим тайёр «окалар» чемпионатимизда бўлган. Энди эса пулдор жамоа борай деса на «чойхона» бор, на ўша «маъданчилар» ё «тракторчи» ёрдамга кела олмайди.
Суперлига якунларига кўра, «Турон», «Андижон» ва «Машъал» турнир билан хайрлашишга мажбур бўлди. Афсусланарли ягона жиҳат – Суперлигада хусусий мақомга эга икки клуб - «Турон» ва «Андижон» ҳамда ўзбек футболида иқтидорлар фабрикасига айланган «Машъал» лигада қололмади.

Яйпан клуби қисқа тарихида Суперлигада илк марта иштирок этганига қарамай, профессионаллик сари дадил қадам ташлаётганди. Аммо Про лигадан Суперлигага чиққач, элитада катта маблағ эвазига чақирилган номдор ўйинчилар ўйнатилгани, мавсум давомида жамоа 5 нафар мураббий қўлидан ўтгани, охир-оқибат яйпанликларнинг лигани тарк этиши билан тугади. «Турон» турнир жадвалида яққол аутсайдер бўлса-да, молиявий жиҳат ва ҳисоб-китобларни ўз вақтида бажаришда намуна бўла олди. Бироқ пул жамоани лигада олиб қола олмаслиги кўринди. Таққослаш учун, узоққа бормаймиз – Яйпан клубининг қўшниси «Қўқон-1912» «Турон»дан камроқ маблағ сарфлаган ҳолда 8-ўринни эгаллай олди.

Лигани тарк этган водийнинг яна бир жамоаси «Андижон» 2020 йилги мавсум якунида хусусий клубга айланиб, ўтиш ўйинида «Нефтчи»дан устун келган ҳолда элитадаги «прописка»сини сақлай олганди. Бу йил эса жамоа деярли янгиланган таркибда тўп сурмасин, Отабек Ғуломхўжаевдан кейин қутқарувчи ролида Ёрқин Назаров, Виктор Кумиков сингари тажрибали мураббийларни чақирмасин, ҳеч ким жамоани қуйи лигага тушиб кетишдан қутқара олмади. Шунга қарамай, хусусий клубнинг эгалари профессионалликка интилаётгани, аутсайдерга айланган жамоани молиялаштиришда давом этиб, бир йилдаёқ элитага қайтишга ваъда бераётгани қувонарли. Ҳар ҳолда хусусий секторнинг футболдан кўнгли совиганда жамоани ташлаб қўйиш ҳолатини узоқ эмас, шу йилнинг ўзида «Истиқлол» ва «Оқтепа» мисолида кўрдик.




















