Ўзбекистон | 07:33 / 10.12.2021
15254
3 дақиқада ўқилади

«Янги Ўзбекистон» массивлари қурилиши учун 992 гектар ер майдони танлаб олинди

Ўзбекистон ҳудудларида “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши учун 992 гектар ер майдони танлаб олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: УзА

Қурилиш вазирлигининг берган маълумотларига кўра, ҳозирда 2022 йилда уй-жойлар қуриш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бунда, Фарғона вилояти Боғдод туманида барпо этилган “Мурувват” массиви намунаси асосида барча ҳудудларда “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш кўзда тутилмоқда.

Ҳокимликлар билан биргаликда 30 та массив учун 992 гектар ер майдони танлаб олинган. Уларда кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа, бозор инфратузилмаси ва муҳандислик объектларини жойлаштириш бўйича бош режа лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Мазкур лойиҳага кўра, келгуси йилда 2 минг 191 та уйлар жумладан, 56 минг хонадон, 27 та мактаб, 40 та боғча, 25 та оилавий поликлиника ва 120 дан ортиқ савдо-маиший хизмат мажмуаси қуриш кўзда тутилмоқда.

“Бугунги кунда тегишли фармон лойиҳаси билан ер ажратиш, бош режа ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш, буюртмачи ва пудратчиларни аниқлаш, молиялаштириш, ипотека кредитларини ажратиш, металл ва цемент билан таъминлаш, муҳандислик коммуникациялари ва инфратузилма объектларини қуриш масалалари ҳал этилмоқда.

Бундан ташқари, ҳар бир ҳудуднинг табиий-иқлим шароитидан келиб чиқиб, массивларда дарахтлар экиш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудларда қуриладиган кўп қаватли уйларнинг 9 типдаги энергия самарадор намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилган. Айни вақтда янада тежамкор ва арзон уйлар бўйича намунавий лойиҳалар тайёрланяпти”, дейилади хабарда.

Уйлар қурилишида рейтинги 3 та “С”дан юқори пудрат ташкилотлари иштирок этади. Бугунги кунда бу каби пудрат ташкилотлари сони 4 минг 876 тани ташкил этади. Яъни, режадаги уйлар қурилиши учун қурилиш қувватлари ва имкониятлари етарли. Уйлар қурилишида маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланиш, иссиқлик тежовчи қопламалар ва замонавий технологияларни қўллаш таъминланади. Бунинг учун қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар билан ҳам ишланмоқда. Келгусида ушбу ишларни индустрия даражасига кўтариб, уй-жой қурилиши кластерларини ташкил этиш бўйича ҳам ишланмоқда.

– Дастлабки босқичда Тошкент шаҳри, Фарғона, Навоий, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида кластерларни ташкил қилиш мақсадга мувофиқ, дейди қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Одилов. – Чунки мазкур ҳудудларда етарлича миқдорда пудрат ташкилотлари, лойиҳа институтлари, ишлаб чиқариш корхоналари, хомашё базаси ва инфратузилма мавжуд. Дастур ижросини тўлиқ таъминлаш, уйларни сифатли қуриш ва массивларни комплекс барпо этиш бўйича барча чоралар кўрилади. Бу шароит ва имкониятлар яратилиб, муаммолар ҳал этилган.

Мавзуга оид