2021 йилги тинчлик бўйича Нобел мукофоти Россиянинг «Новая газета» нашри бош муҳаррири Дмитрий Муратов ва филиппинлик тадқиқотчи журналист Мария Рессага «демократия ва барқарор тинчликка эришишнинг бирламчи шарти бўлган фикр билдириш эркинлигини ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари» учун берилганди.

10 декабрь куни Дмитрий Муратов Нобел мукофотини топшириш маросимида нутқ сўзлади.

«Дунё демократияни ёмон кўриб қолди»

Муратов ўз нутқини Нобел мукофоти совриндори, академик Андрей Сахаровнинг: «Ишонч эркинлиги бошқа фуқаролик эркинликлари билан бир қаторда ривожланиш асоси эканига ишонаман... Тинчлик, ривожланиш, инсон ҳуқуқлари – бу уч мақсад бир-бирига чамбарчас боғлиқ» деган сўзлари билан бошлади.

Фото: Scanpix /ТАСС

— Сахаровнинг бу сўзлари бутун дунёга машҳур бу залда яна бир марта янграшини зарур деб ҳисобладим.

Бу нега биз учун, мен учун муҳим?

Дунё демократияни ёмон кўриб қолди.

Дунёнинг ҳукмдор қатламдан ҳафсаласи пир бўлди.

Дунё диктатура томон қадам ташлади.

Ривожланишга инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш билан эмас, технологиялар ва зўравонлик билан эришиш мумкин деган хаёлот пайдо бўлди.

Мана шундай эркинликсиз ривожланиш.

Мана шундай сигирсиз сут...

Диктатуралар зўравонлик қилиш учун ўзларига осон йўл топди.

«Қийноқлар инсониятга қарши энг оғир жиноят деб тан олиниши керак»

— Биз маҳкумлар ва маҳбусларга қарши қўлланаётган қийноқлар ҳақида тез-тез эшитмоқдамиз. Одамларни синдириш учун, ҳукм доирасидан ташқарида жазонинг шафқатсизлигини янада ошириш учун қийнашмоқда. Бу – ёввойилик.