Ўзбекистон | 16:14 / 14.12.2021
6293
3 дақиқада ўқилади

2021 йилги давлат бюджети харажатлари учинчи марта оширилди

Якунланаётган 2021 йилги давлат бюджети харажатлари 2,2 трлн сўмга кўпайди. Бундан олдин харажатлар 11,7 трлн сўм ва 13,1 трлн сўмга оширилганди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 14 декабрдаги ялпи мажлисида молия вазири ўринбосари Аҳаджон Ҳайдаров 2021 йилги Давлат бюджетига киритилаётган навбатдаги ўзгартишлар ҳақида маълумот берди.

Ўзгаришларга асосан, жорий йилги давлат бюджети харажатлари 2,2 трлн сўмга оширилмоқда.

Бунда:

– туман ва шаҳарларнинг фуқаролар ташаббуслари жамғармасида 1 млрд ва унда кам маблағ шаклланган, вазирликка келиб тушган таклифлар сони 100дан ортиқ бўлган туман ва шаҳарларга Республика бюджетидан қўшимча 117 млрд сўм;

– фермерлар ва ғаллачилик кластерларига 2021 йил ҳосилидан давлат ресурсларига сотган товар доннинг ҳар бир тоннаси учун 350 минг сўмдан субсидия ажратиш учун 800 млрд сўм;

– Мўйноқ туманидаги 5 нафаргача аъзоси бўлган ҳар бир оила учун 5 млн сўмдан бир марталик ёрдам, Қорақалпоғистон Республикасидаги ижтимоий иқтисодий муаммолари мавжуд 21 та фуқаролик йиғинларини ободонлаштириш учун 67 млрд сўм;

– Сурхондарё вилоятида аҳолини ичимлик сув муаммосини “Тўпаланг” сув манбалари ҳисобига яхшилаш учун қурилиш ишларига 527 млрд сўм (бюджетдан 200 млрд сўм, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 327 млрд сўм);

– Ҳудудларда зарур ижтимоий иқтисодий ривожланиш тадбирларини ижтимоий объектлар қуриш ва таъмирлаш, ички йўлларни таъмирлаш учун, ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун Сирдарё, Навоий, Жиззах вилоятларининг ҳар бирига 100 млрд сўмдан жами 300 млрд, Тошкент шаҳрига 200 млрд сўм;

– Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкалари компенсациясига — 50 млрд сўм ажратилмоқда.

Шунингдек, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси харажатлари 2,5 трлн сўмга оширилмоқда. Бунда қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар ва аҳолини озиқ овқат билан таъминлаш учун 1,1 трлн сўм йўналтириляпти.

 “Айрим қўшимча харажатларни йил давомида бошқа харажатларни иқтисод қилган ҳолда қоплаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан қўшимча лойиҳалар амалга оширилаётгани боис йиллик харажатлар лимити оширилмоқда”, – деди Аҳаджон Ҳайдаров.

Вазир ўринбосари сўзи охирида қўшимча харажатлар бюджет қонуни билан белгиланган ташқи қарз лимитларининг ошишига олиб келмаслигини айтди.

Бундан олдин 2021 йилги бюджет 11,7 трлн сўмга ҳамда 13,1 трлн сўмга оширилганди.

Мавзуга оид