Аввало, шуни таъкидлаш керакки, биз мамлакатимиз янгиланиш даврига қадам қўйган биринчи кунлардан бошлаб очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсат юритиш, дунёдаги барча тараққийпарвар мамлакатлар, айниқса, қўшни давлатлар билан яқин дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратмоқдамиз.

Ўзбекистон бугун ўзининг узоқни кўзлаган сиёсати билан минтақамиз ва жаҳондаги сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, сўз ва диний эътиқод эркинлиги, гендер тенглик бўйича эришаётган ютуқларимиз нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзбекистон ХДПнинг ижтимоий адолат ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлагани унинг мамлакат сиёсий кучлари сўл қаноти бўлишини белгилайди. Ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича комплекс тадбирлар, биринчи навбатда, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиғини сақлашни кучайтириш, аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш, фуқароларнинг бандлиги ва реал даромадларини ошириш, арзон ижтимоий уй-жойлар қурилишини кенгайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ўзбекистоннинг мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, ватанимизнинг гуллаб-яшнашини таъминлаш, мамлакатда фуқаролик ва миллатлараро тотувлик, ижтимоий барқарорлик, ҳар бир оила ва бутун халқ фаровонлигига эришиш каби умуммиллий манфаатларни ўз мафкураси ва сиёсий фаолиятининг пойдевори, деб билади.

Ижтимоий сиёсат мамлакатимизда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг аниқ манзилли хусусиятга эга экани ҳар бир муҳтож инсонга унинг реал эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда. Бунда ушбу тоифага мансуб ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмаслигига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Шу асосда жамиятимизнинг ижтимоий манзараси бутунлай ўзгармоқда, самарали бошқарувнинг натижадорлиги ошмоқда, энг муҳими, одамларнинг ҳаётга, меҳнатга, ўзининг тақдири ва эртанги кунга ишончи ортмоқда. Юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилди. Кейинги пайтда “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш усуллари айнан шу мақсадда жорий этилмоқда. Шу асосда муаммога оид мавҳум кўрсаткичлар эмас, балки ёрдам ва кўмакка муҳтож ҳар бир оила ва фуқаронинг, хотин-қизлар, ёшларнинг муаммолари ўз жойида аниқ ўрганилмоқда, улар вақтида ва самарали ҳал этилмоқда. Бугунги кунда халқ фаровонлигини, одамларнинг ҳаёт даражасини ҳар томонлама ошириш, бунинг учун янги иш ўринлари, даромад манбаларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, қишлоқ ва шаҳарларимизни обод қилиш иқтисодий стратегиямизнинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Кексалар, ногиронлар, оғир аҳволга тушиб қолган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр ва мурувват кўрсатиш каби эзгу анъаналар бугунги кунда янгича маъно-мазмун, амалий ҳаракатлар билан бойиб, такомиллашиб бормоқда. Бу борада, айниқса, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Беш муҳим ташаббус”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” каби дастурлар ўз ижобий натижасини бермоқда. Биргина “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 2021 йилда барча шаҳар ва туманлардаги жами 8 мингга яқин қишлоқ ва маҳаллада қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.