16:04 / 15.12.2021
24427

Чироқчидаги «ёнаётган ер ости» бўйича расмий муносабат билдирилди

Дастлабки хулосага кўра, ер остида қолиб кетган қамишлар қизиши ва чириши натижасида ушбу ҳолат юзага келган.

Фото: Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси ахборот хизмати

Ижтимоий тармоқларда Чироқчи тумани Хўжа Абдужаббор қишлоғида ер ости чўғ бўлиб ёнаётгани ҳақида тарқалган хабарларга Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси расмий муносабат билдирди.

«Ўрганиш жараёнида тахминан 0,10 га ер майдони аввал ёниб ўчганлиги ва ҳозирда тахминан 0,01 га ер майдони устидан тутун чиқиб атрофга бадбўй ҳид тарқалаётгани аниқланди.

Ушбу қишлоқда яшовчи оқсоқолларнинг сўзларига кўра, бу жой тахминан 50-70 йиллар олдин чуқурлик бўлган ва бу ердаги қамишзор йиллар ўтиб тупроқ билан ёпиб юборилган.

Ҳолат бўйича геология соҳаси мутахассислари ўрганиш ўтказиб, ўз хулосаларини тақдим қилгунига қадар, ер остида қолиб кетган қамишлар қизиши ва чириши натижасида ушбу ҳолат юзага келганлиги бўйича дастлабки хулоса қилинди», дейилган баёнотда.

Ҳолатни ўрганиш ишлари давом эттирилиб, батафсил маълумотлар тақдим этилиши айтилган.

Top