Исми-шарифи сир қолишини истаган нукуслик ўқитувчининг мурожаатига кўра, «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамиятига тўлов бадали ўқувчилар ҳамда ўқитувчилардан мажбурий тарзда ундирилмоқда. Бунда жамиятга аъзо бўлиш учун ҳеч қандай ариза ёки розилик ҳақидаги бошқа ҳужжат расмийлаштирилмаган. Мурожаат юзасидан Kun.uz мухбири суриштирув ўтказиб, ҳолатни ўрганди.
«Ёшлик» спорт жамияти қандай ташкилот?
Ўзбекистон «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти Халқ таълими вазирлиги тизимидаги ўқувчи ёшлар ҳамда педагог ходимларни мунтазам равишда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб қилиш, оммавий спорт тадбирлари, мусобақаларини ўтказиш, спортчиларни тайёрлаш ишларини амалга оширувчи ташкилотдир. Жамиятга 10 ёшга тўлган ўқувчилар, шунингдек, ўқитувчилар ва педагог ходимлар аъзоликка ихтиёрий равишда қабул қилинади. Аъзолик бадали йилига бир марта тўланади ва ўқувчилар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи (5400 сўм), педагог ва бошқа ходимлар учун 4 фоизи (10 800 сўм)га тенг.
Аъзолик бадалидан тушган маблағлар тенг миқдорда 4 қисмга ажратилади. Бир қисми умумтаълим мактабида қолади, иккинчи қисми туман (шаҳар) Халқ таълими бўлимларига, учинчи қисми «Ёшлик» спорт жамияти минтақавий бўлимларига, тўртинчи қисми эса жамият Марказий кенгашига йўналтирилади. Ушбу маблағлар фақат махсус ҳисоб рақамига кирим қилинган ҳолда спорт йўналишига сарфланади.
Нукус шаҳар ХТБ «Ёшлик» спорт жамиятига аъзолик бадалини йиғиш ҳақида буйруқ чиқарган
Нукус шаҳар ХТБ бошлиғи П.Ақназаров томонидан имзоланган, сана ва рақам қўйилмаган ҳужжатда «Ёшлик» спорт жамияти Қорақалпоғистон минтақавий бўлимига ўқувчилардан ва ўқитувчилардан аъзолик бадалларини йиғиб олиш ҳамда 30 ноябрь кунига қадар тушумнинг 75 фоизини ХТБ ҳисоб рақамига ўтказиш, 50 фоизини 30 декабрга қадар «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти Қорақалпоғистон минтақавий бўлими ҳисоб рақамига ўтказиш топшириғи берилган.

Ҳужжатга «Ёшлик» спорт жамияти Қорақалпоғистон минтақавий бўлими бошлиғи ўринбосари Б.Байниязовнинг аъзолик бадали ўқувчилар учун энг кам иш ҳақининг (базавий ҳисоблаш миқдори бўлса керак) 2 фоизи - 5400 сўм, ўқитувчилар учун 4 фоизи - 10800 сўм миқдорида бўлиши ҳақидаги буйруғи илова қилинган.

Ҳар икки ҳужжатда ҳам аъзолик бадали ихтиёрий экани ҳақида ҳеч қандай жумла йўқ.

















